Тожикистон чегараларида коронавирус чекловлари қайта жорий этилди, дея «Ховар» ахборот агентлиги Фуқаро авиацияси агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Бу қарор бошқа мамлакатларда коронавирус билан касалланиш даражасининг ортиши муносабати билан республика штаби томонидан қабул қилинди.

«Чекловлар вақтинчалик», — дея қўшимча қилди Фуқаро авиацияси агентлиги.

Июль ойи бошида республикага ташриф буюраётган барча шахсларнинг ҳароратини ўлчаш бошланганди. Юқори ҳарорати бўлганлардан ПЗР тестини ўтказиш сўралган.

«Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2022 йил февралидан буён мамлакатда бирорта ҳам COVID-19 ҳолати қайд этилмаган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг қарийб 90 фоизи инфекцияга қарши эмланган», — дейилади агентлик хабарида.

Шунингдек, бошқа вилоятларнинг расмийлари ҳам коронавирусга қарши чекловлар жорий қилгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарани кесиб ўтишда эмлаш бўйича ҳужжат ва ПЗР тести талабларини бекор қилган эди, Қирғизистон эса май ойида буни йўлга қўйганди. Россия июль ойида чегарани кесиб ўтишга қўйилган чекловларни олиб ташлади, аммо Беларус фуқароларидан ташқари барча кирганлар учун ПЗР тестини тақдим этиш талаби сақланиб қолди.