Айни вақтда Нукусда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтаётган Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессиясида раис Камалов Мурат Қаллибекович лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, Мурат Камалов бетоблиги сабабли ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида мурожаат билан чиққан ва шунга асосан ишдан олинган.

Мазкур сессия вақтида давлат раҳбари шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этганди.

«Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар „халқни рози қилиш“ деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди президент.

Бугунги кунда ҳам аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолмоқда.

Аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.

«Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда», деди Президент.

Мурат Камалов мазкур лавозимга 2020 йилнинг 2 октябрида тайинланган эди.

Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Аманбай Тлеубаевич Оринбаевнинг номзодини тавсия этилди.

Аманбай Оринбаев ҳозирда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда. Унга қадар эса Қорақалпоғистон ички ишлар вазири бўлган.