Сурхондарё вилояти ҳудуди ҳисобланмиш Амударё ўртасидаги Пайғамбар ороли ҳудудида содир бўлган ҳодиса пайтида яраланган олти нафар Афғонистон фуқароси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Термиз филиалида даволанмоқда. «Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуротов тиббиёт муассасига борди ва жабрланганларнинг аҳволи ҳақида маълумот олди.

21 август куни ДХХ Чегара қўшинлари Сурхондарё вилоятида Давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиб, Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролига қизилмия илдизини қазиб олишни мақсад қилган 24 нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Шу куниёқ Ўзбекистон ва Афғонистон махсус хизматлари чегарадаги воқеани муҳокама қилишди. Ўзбекистон ТИВ Ўзбекистон Пайғамбар оролидаги воқеада «ҳар икки томондан ҳам қоидабузарликлар содир бўлганини» тан олди. Можаро оқибатида икки нафар Афғонистон фуқароси ҳалок бўлди, 6 нафари жароҳатланди.

РШТЁИМ филиали қабулхонасида «Газета.uz» мухбирига ҳақиқатдан ҳам 21 август куни Пайғамбар ороли ҳудудидан 6 нафар яраланган афғонистонлик келтирилганини тасдиқлашди. Ҳозир улар хирургия бўлимида даволанишмоқда. Бўлим эшиги олдидаги ДХХнинг икки ходими яраланган афғон фуқароларини қўриқлашаётганини таъкидлаган.


Улар билан суҳбатлашишга ижозат сўралганда эса ходимлар раҳбариятдан рухсат олиш кераклиги сабабли розилик бера олмасликларини айтишди. Телефон орқали «Газета.uz» нашри журналисти келгани ва яралаган Афғонистон фуқаролари билан кўришмоқчи эканлигини билдиришганида эса, раҳбарият сўровни рад этди.

Журналист қўшни мамлакат фуқароларнинг бир нафари ўнг оёғидан яралангани, қолганлари эса енгил тан жароҳатлари олишганини аниқлашга муваффақ бўлди. Улар шифохонага қандай аҳволда келгани ҳақидаги саволга эса, «улар деҳқонлар бўлиши мумкинлиги,чегарачилардан қочиб, қамишзорлар ичида ҳам турли енгил жароҳатлар олган бўлиши мумкинлиги, ҳозир барча яраланганларнинг соғлиги яхши аҳволда эканлигини» маълум қилишди.

Ходимларнинг сўзларига кўра, уларга давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилган, ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас, уларнинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда ва ўзлари бемалол ҳаракат қилмоқда. Мазкур маълумотларни ҳамшира ҳам тасдиқлади.

Яраланганларни даволаётган марказ шифокори Ф.Тўраев ҳам журналист билан телефон орқали суҳбатда раҳбарият рухсатисиз уларнинг аҳволи ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини қайд этди.

Бундан ташқари, «Газета.uz» Афғонистоннинг Термиздаги бош консули Муҳаммад Идрис Заршойдан афғонистонликларнинг кейинги тақдири ҳақида сўради. Консулнинг айтишича, бу воқеалар ҳақида эшитган, бироқ, унда ҳали Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтган Афғонистон фуқаролари ҳақида бирор маълумот мавжуд эмас.