21 август куни бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари қайиқларда Давлат чегарасини бузиб, Пайғамбар ороли (Сурхондарё вилояти) ҳудудига ўтгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Чегара қўшинлари расмий Telegram каналида хабар қилинди.

Қоидабузарлар ҳудудга етиб келган Ўзбекистон чегара отрядига қаршилик кўрсатган.

«Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Ўзбекистон Давлат чегарасини бузганларнинг барчаси (жами 24 нафар) шахсини аниқлаш ва тергов-тезкор тадбирларини ўтказиш мақсадида қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра, чегарадаги ҳодисага Ўзбекистоннинг чегара зонасида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия илдизининг ноқонуний қазиб олиниши сабаб бўлгани аниқланган.

Айни пайтда Пайғамбар ороли ҳудуди Ўзбекистон Чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида, дея қайд этилди хабарда.