Чилонзор тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамолиддин Ходжимановга вақтинча Чилонзор туман ҳокими вазифасини бажариш юклатилди. Бу ҳақда 18 август куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фармойиши имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Чилонзор тумани ҳокими лавозимида ишлаган Шавкат Мавлонов 8 август куни Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида Тошкентда 101 туп дарахтга шикаст етказилган ҳолат юзасидан ўтказилган селектор йиғилишида ишдан олинди. Мавлонов билан бир қаторда президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан туман прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди. Қолаверса, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурор Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилди.

Жамолиддин Ходжиманов шу йилнинг апрель ойида Чилонзор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Унга қадар Ходжиманов туман молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У 2011 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган.