Apple томонидан ўтказилган WWDC 2022 (Apple Бутунжаҳон дастурчилар конгресси) онлайн анжуманида компания ўзининг янги маҳсулотларини тақдим этди. Онлайн анжуман Apple компаниясининг сайтида ҳамда YouTube каналида ўтказилди. Компания янги дизайндаги MacBook Air ва MacBook Pro ноутбуклари, янги операцион тизимлар ҳамда янги M2 процессорини тақдим этди.

MacBook Air ва MacBook Pro

Фото: MacBook Air ноутбукларига MagSafe қувватлаш ускунаси қўшилган.

MacBook Pro ноутбукининг дизайни деярли ўзгартирилмаган.

Аммо MacBook Air дизайни қайта ишланган ва қаттиқ алюминий корпусга эга — олдинги моделдан 21% га кичикроқ. Янги ноутбуклар 4 хил: кумуш, «космик кулранг», «юлдуз нури» ва «ярим тун» номли рангларда савдога чиқарилади.

Ноутбук айлана қиррали ва «кокилли», шунингдек, миллиард хил рангларни кўрсатиш имконига эга 13,6 дюймли Liquid Retina дисплейга эга. MacBook Air иккита USB-C портига эга бўлиб, 30 дақиқа ичида 50% гача тезкор қувват олиш имкониятига эга.

MacBook Air`нинг қалинлиги 11,3 миллиметр. Янги MacBook Air фотошоп дастурини ишлатганда M1 Air ноутбукига қараганда 20% га, сўнгги чиққан Intel Air`га нисбатан 5 маротаба тезроқ ишлайди. Тўхтовсиз видео томоша қилган ҳолда янги ноутбуклар 18 соат ишлаш қувватига эга.

Фото: Янги ноутбукнинг хусусиятлари.

Ноутбукларда бармоқ изларини сканерлаш учун функционал клавишлар мавжуд. Иккала турдаги ноутбукда ҳам кулер (совутиш тизими) мавжуд эмас, аммо пассив салқинланиш имконияти бор.

Янги моделдаги MacBook (Air ва Pro) ноутбукларига янги M2 процессорлари ўрнатилган.


Фото: MacBook Air M2 нинг олдинги авлодлари билан солиштирилганидаги кўрсаткичлари.

MacBook Air ва MacBook Pro АҚШда 2022 йил июль ойидан бошлаб сотувга чиқарилади. MacBook Air`нинг нархи 1199 доллар, MacBook Pro`нинг нархи эса 1299 доллардан бошланади.

M2 процессорлари

Фото: M1 ва M2 процессорлари.

Apple томонидан тақдим этилган янги — M2 авлод процессорининг самарадорлиги M1 никига қараганда 18% га баландроқ.

Шунингдек, компания бу турдаги процессорларнинг 100 Гб/с хотира ўтказиш қобилиятини ҳамда 24 Гб гача (M1 да максимал кўрсаткич 16 ГБ эди) бирлаштирилган хотира тезлигини кафолатламоқда. M2 процессори бир хил қувват даражасида M1 процессорига қараганда 25%, максимал қувватда эса 35% кўпроқ максимал куч унумдорлигига эга. Шунингдек, М2 тизими 8K ва 4K форматдаги бир нечта видео оқимларини тақдим этишга қодир.

Watch OS 9

Янги тақдим этилган Watch OS 9 соатлари фитнесс-ускуна вазифасини ҳам ўтайди. Янги соатлардаги билдиришномалар дизайнига, навигация тугмалари ва соат циферблатлари қаторига: «Ой тақвими», «Астрономия», Playtime (кулгили анимацион рақамлар), Metropolitan кабилар қўшилган.

Apple югуриш усули, қадам узунлиги ва оёқларнинг ерга тегиш вақтини аниқлаш учун акселерометр ва гироскопдан фойдаланади. Исталган вақтда жисмоний машқлар интенсивлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун юрак уриш тезлигини ҳудудларга бўлиб кўрсатади. Машғулот режимини овозлига алмаштириш имконияти эса турли спорт турлари билан шуғулланувчилар, жумладан, аралаш марафонларда иштирок этувчилар учун қулай қилиб мосланган.

Ventura номли янги операцион тизим

Анжуманда Venture номли янги macOS тақдим қилинди. Унга кўра, бир ойнали режим операцион тизимга қайта йўлга қўйилган. Яъни сиз битта катта ойнада ишлаётган пайтда, асосий фокус ўша ойнага қаратилган ҳолда, қолган ойналар автоматик тарзда четда жойлашади. Ушбу функция ойналар гуруҳини сақлаб туриш ҳамда уларни тез алмаштириш имконини беради.

Шунингдек, тизимли қидирув функцияси янгиланган.

Бошқа янгиланишлар

Apple, шунингдек, кузда чиқадиган янги iOS, iPadOS, macOS ва watchOS операцион тизимларнинг янги функцияларини тақдим қилди.

  • iOS 16 нинг блоклаш экранини энди ўз таъбингизга қараб ўзгартириш, жумладан, шрифтларни алмаштириш, катта бўлмаган виджетлар қўшиш имкони пайдо бўлди.
  • iOS 16 тизимида расмлардаги бирор объектни белгилаш ва бошқа бир фонга қўйиш имкони қўшилди.
  • Ноутбукларда паролларни сақлаш учун Passkeys янги тизими яратилган.
  • iPadOS тизимида Freeform номли янги дастур пайдо бўлди — у бир вақтнинг ўзида бир нечта фойдаланувчининг бирга ижод қилишига имкон беради. Унга исталган шаклдаги файлни, жумладан, аудио, видео ва бошқа турдаги файлларни жойлаш мумкин.
  • FaceTime иловасида қўнғироқни битта босиш орқали бошқа ускунага, мисол учун MacBook ёки планшетга ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Бу эса iPhone смартфонидан MacBook учун веб-камера сифатида фойдаланиш имкониятини беради.
  • iPad ларда бир вақтнинг ўзида бир нечта дастурлар билан ишлаш режими янгиланган.
  • Apple Wallet иловаси янгиланди. Apple Pay Later функцияси қўшилди.