3 июндан Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган ва таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бор фуқароларга хизмат кўрсатувчи «Меҳрибон такси» компанияси иш бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га лойиҳа маркетологи Альбина Азимова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа таъсисчилари хорижлик инвесторлар бўлиб, бу Марказий Осиёда ягона шу турдаги лойиҳа ҳисобланади.

Бошқалардан фарқли ўлароқ ушбу такси хизматида мижозни кутиш бепул бўлади.

Шунингдек, ҳайдовчилар йўловчиларга ёрдам ҳам беради. Автомашиналар асосан ногиронлик аравачасида ҳаракатланадиган одамларга мўлжалланган бўлиб, кўчма пандусга ҳам эга.

Фото: «Меҳрибон такси» компанияси.

«Меҳрибон такси» Call-маркази рақами 55 5031881. Хизмат нархи бир км учун 3000 сўмни ташкил этади.

«Танланган тариф бўйича нархларнинг энг кам миқдори бор. Лекин нархлар бошқа компанияларга таққослаганда арзонроқ бўлади», — дейди компания вакили.

Компания вакилининг таъкидлашича, такси хизматидан олинган маблағнинг маълум миқдори ҳайрия жамғармаларига ажратилади. Шунингдек, такси компания ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлашга ҳам эътибор қаратади.

Статистика маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 6000 га яқин жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилади. Улардан 300 га яқини эса таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бор инсонларни ташкил қилади.