25 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган навбатдаги йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

11 май президент фармони билан 2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Йил охиригача 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун, 2023−2024 йилларда эса 4, 5, 8, 9 ва 11-синфлар учун янги дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва машқ дафтарлари ишлаб чиқилиши керак. Мактабларга она тили, адабиёт, тарих, таълим ва ҳуқуқдан бошқа фанлар бўйича ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ва дарслик танлашга рухсат берилди.

Фармон билан шунингдек, ўқитувчиларни сертификатнинг мавжудлиги ва меҳнат натижаларига қараб рағбатлантириш, тўлаш ва устама тўлаш тизими жорий этилиши белгиланган. Юқори натижаларга эришган педагогларни рағбатлантириш ва малакали ишчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилади. Жорий йилда жамғармага давлат бюджетидан 300 млрд сўм маблағ ажратилади.

Миллий дастур ижроси юзасидан ҳар бир туман ва шаҳар бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилди, дейилади хабарда. Шавкат Мирзиёев хорижий экспертлар ва тадқиқотчилардан иборат ишчи гуруҳини шакллантириб, дарсликларни сифатли тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов президентга мактаблардаги вазиятни ўрганиш таҳлилини тақдим этди. «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида кўрсатилган слайдларда 4000 та мактаб ҳақида маълумотлар келтирилган. 1526 та мактабда салбий маънавий ҳолат, 852 та мактабда таълим сифати пастлиги, 1622 та мактабда моддий базанинг заифлиги аниқланган, дейилади слайдларда.


Бахтиёр Саидов. «Ўзбекистон 24» сюжети кадри.

1400 нафар ўқитувчи иштирокида ўтказилган сўровномадан маълум бўлишича, сўралганларнинг 41 фоизи ўқитувчиларнинг обрўсини паст деб ҳисоблаган, 26 фоизи бошқа мактабга ўтиш истагини билдирган. Шу билан бирга, респондентларнинг 80 фоизи мактабларда ўқитувчиларнинг маъмурий юкламалари камайганини ижобий таъкидлаган.

Президент мактаб директорларини тўғри танлаш, уларнинг касбий ва бошқарув малакасини ошириш масалаларига тўхталди. У мактаблар фаолиятида нафақат таълим, балки тарбиявий компонентни ҳам кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

«Маънавият мактабдан бошланади. Мактабларда таълим сифатига қандай эътибор берсак, маънавиятга ҳам шундай эътибор беришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев. Президент ўқувчиларнинг дунёқараши ва иқтидорини оширадиган, турли ёшдаги синфлар учун мўлжалланган маънавият китоблари яратиш бўйича тавсия берди.

Йиғилишда келгуси ўқув йилидан бошлаб кимё, биология, физика ва математика фанлари ўқитувчиларини касбий аттестациядан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти фаолиятини кенгайтириб, уни ҳудудлардаги педагогика ўқув юртлари билан узвий боғлаш зарурлиги таъкидланди.


«Ўзбекистон 24» сюжети кадри.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг биринчи чоракдаги маълумотлари таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўртача иш ҳақининг бошқа соҳалардаги ўсишларга нисбатан секин ўсишини кўрсатмоқда, шу сабабли мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи даражасидаги тафовут кенгайишда давом этмоқда. Агар 2017 йилнинг январь-март ойларида ушбу соҳа ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи республика бўйича ўртача иш ҳақидан 16,8 фоизга кам бўлган бўлса (мос равишда 1,07 миллион ва 1,28 миллион сўм), 2022 йилда иш ҳақи 2,5 бараварга ошди, аммо фарқ қисқармаган, балки 26,5% гача ошган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ноябрь ойида ўз лавозимига киришиш маросимида сўзлаган нутқида олий тоифали ўқитувчи ва шифокорларнинг маошини беш йил ичида 1000 долларгача ошириш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. 2020 йилда халқ таълими тизимида 13 минг 407 нафар олий тоифали ўқитувчилар фаолият кўрсатган. Бу умумий ўқитувчилар сонининг 2,8 фоиздан камини ташкил этади. 1000 доллар даражасига эришиш учун уларнинг иш ҳақини деярли 3,5 баробар ошириш керак бўлади.