Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йилгача мактаб таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Унда таъкидланишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра:

  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 1- ва 2-синфларда 252 номдаги янги замонавий дарсликлар, ўқувчи машқ дафтарлари ҳамда педагоглар учун ўқув қўлланмалар жорий қилинди;
  • 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун, 2023−2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9- ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалари яратилиши керак;
  • 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастури таълим жараёнига тўлиқ жорий этилиши керак.

Махсус электрон тизимлар (S-testing, Onlineedu, Raqamli darsliklar ва бошқалар) орқали 2022 йил якунига қадар янги авлод дарсликлари учун 10 та мобил электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотлари яратилиши керак, дейилади фармонда.

1 сентябрга қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синф ўқитувчилари Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитилиши лозим.

Давлат умумий ўрта таълим муассасаларига Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш, шу жумладан, давлат таълим стандартлари доирасида ўқув дастурларига ўзгартириш киритиш ҳамда дарсликларни танлашга (она тили, адабиёт, тарих, тарбия ва ҳуқуқ фанларидан ташқари) рухсат этилди.

Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш тартибини тасдиқлаши керак.

Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда халқаро тан олинган таълим дастурлари рўйхатини шакллантириши ҳамда ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириши лозим.

Фармон билан Халқ таълими вазирлигидан ташқари бошқа вазирлик ва идораларга умумий ўрта таълимнинг ўқув-режалари ва дастурларига ўзгартириш киритиш ва мактабларда янги фан жорий қилишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиши тақиқланди.

Фармонда мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш бўйича талаблар ҳам белгилаб берилган.

Таркибий ислоҳотлар, ўқитувчилар малакасини ошириш ва ривожлантириш

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, университет педагогик йўналишда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича етакчи олий ўқув юртига айланади. Университетнинг ўқув режалари ва ўқув дастурлари август ойига қадар халқаро талаблар асосида қайта кўриб чиқилади ва такомиллаштирилади. Августга қадар Университет ҳамда Педагогика марказларининг ўқув-режалари ва дастурлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштирилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб университетнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2−4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида, жумладан, дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ орқали олиб борилади.

А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларга аниқ ва табиий фанлар бўйича малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва тренерлар гуруҳларини шакллантириш вазифаси юклатилган. Ушбу гуруҳлар жойларга чиққан ҳолда камида 20 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларида педагоглар учун замонавий методикаларга асосланган сайёр ўқув машғулот ва семинар-тренинглар ўтказади.

2022 йил якунига қадар мактаб ўқитувчилари учун «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформасида педагогик фаолиятдан ажралмаган ҳолда амалга ошириладиган қўшимча индивидуал малака ошириш курсларини жорий этилади.

Халқ таълими вазирлигига 2023 йил 1 августга қадар педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш вазифаси юклатилган.

2024 йил 1 январга қадар вазирлик педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини сертификатлашдан ўтказиши керак.