Президент Шавкат Мирзиёев шанба куни инаугурация маросимидаги нутқида ўқитувчилар ва шифокорлар ойлик маошини ошириш масаласига тўхталиб ўтди.

«Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак», — деди давлат раҳбари.

Президент олий тоифали ўқитувчилар ойлик маоши минг долларга етказилишини маълум қилди.

«Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади», — деди президент.

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегисида халқ саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.

«Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

«Асосий мақсад — тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ушбу мақсадга эришиш учун нима керак?

Президент аввалроқ ўқитувчилар ва шифокорларнинг маошларини 1000 долларгача ошириш режасини маълум қилган эди. Бу юқори тоифага тегишли эканлиги эса айтилмаган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов июль ойида Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида бюджетда маблағ етишмаса, яхши ойлик тўлаш қийин эканлигини, чунки 13 миллион солиқ тўловчидан атиги 4,64 миллиони расман даромад солиғи тўлашини маълум қилган эди.

«Соғлиқни сақлаш тизимида 600 мингга яқин киши ишлайди. Уларнинг маоши 1 миллион сўмга оширилса, бу ойига 600 миллиард сўм, йилига 7,2 триллион сўм бўлиб чиқади. Бу ҳар бирига атиги 100 доллардан оширилганда, холос. 2020 йилда 105 триллион сўмлик бюджетга эга бўлганимизни ҳисобга олсак, бу 6,8 фоизни ташкил этади, бу катта миқдор. Агарда бундай фоизни оладиган бўлсак, таълимга нима қолади? Таълим ҳам айтади: „Келинглар, ўқитувчиларнинг ҳам ойликларини оширинглар“. Ваҳоланки мен иш ҳақини 1000 долларга эмас, атиги 100 долларга ошириш ҳақида гапиряпман», деган эди Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўринбосари.

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда ХТВ тизимида 13407 нафар олий тоифали ўқитувчи фаолият кўрсатган, бу умумий ўқитувчилар сонининг 2,8 фоиздан камини (481,6 минг нафардан ортиқ) ташкил этади. 1 сентябрь ҳолатига кўра, олий тоифали ўқитувчиларнинг маоши қарийб 3 миллион 170 минг сўмни ташкил этади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда барча йўналишдаги шифокорлар сони 93,3 минг нафарни, ўрта тиббиёт ходимлари сони эса 369,9 минг нафарни ташкил этди. Олий тоифали шифокорлар сони маълум қилинмаган.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, олий тоифали шифокорларнинг асосий маоши (нафақа тўловларидан ташқари) касби ва иш жойига қараб ўзгариб туради, энг юқори кўрсаткич 3,17 миллион сўмни ташкил этади. Оилавий поликлиникадаги умумий амалиёт шифокори — қарийб 2,76 млн сўм, патронаж ҳамшира — 1,67 млн сўм, тез ёрдам шифокори — 3,17 млн сўм, фельдшер — 1,9 млн сўм, марказий шифохоналар жарроҳи — 2,84 млн сўм, тез тиббий ёрдам марказлари жарроҳ шифокори — 3,17 млн сўм маош олади (барчаси олий тоифали).

Иш стажи учун қўшимча устамалар ҳисобга олинса, рентгенолог маоши 4,43 млн сўм, жарроҳнинг маоши 4,13 млн сўмга етиши мумкин.

1000 долларга етиш учун беш йил ичида шифокорларнинг маошини 2,5−3 баробар, ўқитувчиларнинг иш ҳақини қарийб 3,5 баробар ошириш керак. Ҳозирда улар йилига ўртача 15% га ўсмоқда.

Бир неча йилдирки, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида иш ҳақи республика бўйича ўртача кўрсаткичдан паст — 2,97 млн сўмни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Амрилло Иноятов 2020 йил якунида 2021 йилда ҳамширалар, шифокорлар ва ўқитувчиларнинг маошлари бир неча баробар оширилишига ишонч билдирган эди. Январь-июнь ойларида улар 2,05 млн сўмга — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 15,1 фоизга, таълим соҳасида эса 2,25 млн сўмга ёки 14,4 фоизга ошди.