Сешанба куни Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот сайлов конференцияси ўтказилди. Унда федерацияга янги раис сайлаш масаласи кўрилди, деб хабар берди ЎзА.

Ёшлар ишлари агентлиги директори сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси этиб сайланди.

Маълумот ўрнида, Алишер Саъдуллаев (1994 й. т.) 2017 йил июлида халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланиб, мамлакатдаги энг ёш вазир ўринбосари бўлган эди. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти битирувчиси. Аввал Result ўқув марказини бошқарган. 2018−2019 йиллар Алишер Саъдуллаев Ёшлар иттифоқи раҳбарининг биринчи ўринбосари ва 2019 йилдан 2020 йилгача Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон президенти қарорига биноан 2020 йил 10 июлдан бошлаб Алишер Саъдуллаев янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Шунингдек, у 2020 йили 17 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисидаги фармони билан сенатор этиб тайинланганди. Ушбу тайинлов билан Алишер Саъдуллаев мамлакат тарихидаги энг ёш Сенат аъзосига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Шахмат федерациясига 2021 йил январидан буён бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилиб келаётганди.

Ўз навбатида, 2022 йил февраль ойида Антикоррупция агентлиги Шахмат федерацияси билан боғлиқ молиявий операцияларни ўрганиб, федерацияга 2020−2021 йилларда бюджетдан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмаганини аниқлади. Таъкидланишича, федерацияга 2020 йил учун маблағ ажратилмаган, 2021 йил давомида эса жами 6 та тадбир учун 2 млрд 834,8 млн сўм маблағ молиялаштирилган. Федерация томонидан унинг 2 млрд 208,4 млн сўми сарфланган ва қолган 626,4 млн сўм маблағлар вазирликка қайтарилган. Агентлик Шахмат федерацияси ННТ бўлгани боис, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш учун ҳужжатларни Адлия вазирлигига юборган эди.

Бундан ташқари, шахматчи Сергей Қаюмов «Ҳусан Турдиалиевнинг сўнгги 20 йилдаги диктатураси» ҳақида гапирган бўлса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова федерация раҳбарининг биринчи ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари АҚШга кетишига сабаб бўлганини маълум қилган эди.