Ўзбекистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги Шахмат федерациясида давлат бюджетидан шахматни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва эҳтимолий коррупция ҳолатларини текширмоқда. Агентлик ушбу спортнинг бошқа йўналишларида ҳам бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини ўрганмоқда.

Ушбу хабар 27 январь куни Kun.uz федерация ўз ихтиёридаги 2015 йилда ишлаб чиқарилган Malibu автомобилини директори Ҳусан Худойқулович Турдиалиев бўлган Markaziy Shaxmat Klubi компаниясига 53,5 млн сўмга сотгани ҳақида ёзганидан сўнг пайдо бўлди. Ҳусан Турдиалиев бир вақтнинг ўзида жамоатчилик асосида Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди.

Ҳусан Турдиалиев. Фото: Olamsport.

Бундан ташқари, нашр маълумотларига кўра, шахмат клуби таъсисчиларидан бири Жаҳонгир Камолов федерациянинг IT-менежери ҳисобланади.

Федерациядан нарх амалдаги қонунчиликка асосан ҳисобланган амортизация ажратмаси ҳамда Шахмат федерацияси ижроия қўмитаси қарори асосида белгиланганини маълум қилинган.

Фото: Kun.uz.

««Ўзбекистон Шахмат федерацияси ННТ бўлгани сабабли ўз фаолиятини қонунчиликка асосан мустақил амалга оширилиши сабаб, Ўзбекистон Шахмат федерациясининг сайланган ва мустақил фаолият олиб борадиган тафтиш комиссияси томонидан ўрганилиб тегишли хулосалар берилган ва юқоридаги нархга баҳоланган», — дейилади порт ташкилоти изоҳида.

Шунингдек, Kun.uz хабарига кўра, федерация Markaziy Shaxmat Klubi МЧЖга 2021 йил 12 январида 1,76 млрд сўм ва 14 январида 100 млн сўм, жами 1,86 млрд сўм миқдоридаги маблағларни ўтказиб берган.

Шахмат федерацияси матбуот хизмати ушбу маблағлар шахматни ривожлантиришга доир президент қарори (ПҚ-4954) қабул қилиниши билан федерацияга юклатилган қўшимча вазифаларни бажариш учун ажратилганини билдирган. Жумладан, федерация гўёки ўзининг айрим вазифаларини ўз таъсислигидаги компанияга топширган ва ушбу вазифаларни бажариш учун Ижроия қўмита қарори билан тегишли маблағларни ўтказиб берган.

«Ушбу маблағлар на қайтариш шарти билан ва на беғараз асосда берилган. Ушбу сумма аниқ вазифаларни амалга ошириш ҳамда шахматни ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга ошириш учун қатъий назорат остида берилган», — дейилади федерация Kun.uz'га тақдим қилган жавобда.

Федерация маълумотларига кўра, маблағлар болалар учун шахматдан видео дарсларни тасвирга олиш ва тайёрлаш хизматлари учун фуқаро Т.С.га (525 млн сўм), Central chess klub дастурини ишлаб чиққани учун яна бир фуқарога (250 млн сўм), Т.Турдиалиевага дизайнерлик хизматлари учун 11,37 млн, Тахмина Турдиалиева — Ҳусан Турдиалиевнинг қизи), 3 дона Lenovo Ideapad 3 (Intel i5/DDR4 8GB, HDD 1000 GB + SSD 128 GB/ 15,6 FFHD TN/ 2GB GeForce MX330) ноутбукидан сотиб олишга 44,4 млн сўм (ушбу ноутбукларнинг тахминий бозор нархи 7 млн сўм атрофида) ва бошқа мақсадларга сарфланган.

Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев Malibu шахмат клубига сотилган вақтда компания федерация таркибида бўлганига аниқлик киритди.

«Кейинчалик, „Марказий шахмат клуби“ алоҳида МЧЖ бўлиб ажралиб чиққан бўлса-да, федерация таркибида бўлган вақтидаги раҳбари — Ҳусан Турдиалиев кўп йиллик тажрибаси инобатга олиниб, ушбу лавозимда ҳам қолдирилган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда автомобиль федерация биносида турибди, «уни ҳеч ким шахсий мақсадларда ишлатмаяпти».

Суннатулло Бозорбоев федерацияда бор-йўғи 8 ходим ишлаши, федерация раҳбари ва унинг ўринбосарлари жамоатчилик асосида ишлашини маълум қилди.

«Уларнинг асосий бошқа иш жойлари бор. Катта турнирларни ташкил қилиш ва ўзимизга юклатилган бошқа вазифаларни бажаришга имконимиз етмагани учун „Марказий шахмат клуби“ МЧЖ ташкил этилган ҳамда бу ташкилотга аниқ вазифаларни бажариш учун қатъий назорат остида маблағлар берилган», — дея қайд этди у.

Шахматчиларнинг норозилиги

Сергей Каюмов (чапда). Фото: ижтимоий тармоқлар.

Халқаро гроссмейстер Сергей Қаюмов «Ўзбекистон шахмат федерациясидан Ҳусан Турдиалиевнинг шахсий фирмасига катта маблағ ўтказилгани»ни билгач, «ҳеч нарсадан ажабланмаганини» айтди.

«Ҳусан Турдиалиевни охирги йигирма йилдан бери билган ҳолда ва унинг ўз фикрига эга бўлган ёхуд шахмат федерациясини танқид қилган шахсларни қўрқитиш ёки бир неча йилга ёки бир умрлик дисквалификация қилиш, шунингдек, унга керак бўлмаган одамларни имкон қадар йўлдан олиб ташлашга интилиб, унинг босими остида милиция чақириш ва қўрқитиш каби иш услубларидан хабардор бўлган ҳолда ҳеч нарсага ҳайрон бўлмадим. Чунки бу қонунбузарлик ва Турдиалиев Ҳусаннинг тўлиқ диктатураси қарийб 20 йилдан бери давом этиб келмоқда», — деди у 27 январдаги видеомурожаатида.

Шу билан бирга, шахматчи Шахмат федерациясига янги раис, бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг келиши билан улкан ўзгаришлар ва яхшиланишларни кўриш мумкинлигини таъкидлади.

«Ва мана энди бизда ҳам яқин келажакда Ҳусан Турдиалиевнинг қонунсизлик ва диктатурасига барҳам топишига катта ишонч бор. Умид қиламанки, тегишли идоралар [директори] Ҳусан Турдиалиев бўлган „Марказий шахмат клуби“ МЧЖ фаолиятини қонуний йўл билан текшириб, унинг шахсий ширкатига бошқа пул тушиш манбаларини аниқлаб беради», — деди Сергей Қаюмов.

Унинг сўзларига кўра, шахматчиларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган катта маблағлар «керакли жойларга етиб бормаган».

Сергей Қаюмов аввалроқ ДХХнинг (собиқ МХХ) истеъфодаги генерали Ҳусан Турдиалиев 2018 йилда унинг онаси, ФИДЕ устаси ва халқаро арбитр Ирина Қаюмовани федерацияни танқид қилгани учун уч йилга, сўнгра бутун умрга дисквалифиция қилганини айтганди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова. Фото: ижтимоий тармоқлар.

Шахмат федерацияси билан можародан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳам Ҳусан Турдиалиевни терма жамоани тарк этганликда айблади.

«Ҳа, ҳақиқатдан ҳам менинг кетишимга Ҳусан Турдиалиев ва унинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Биринчидан, мен ва опа-сингилларимга (Хулкар Тоҳиржонова ва Нафиса Мўминова — таҳр.) терма жамоа сафида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишимизга рухсат берилмади, бизда мусобақаларда бир вақтнинг ўзида юрт шарафини ҳимоя қилиш имкони йўқ эди. Молиявий нуқтаи назардан, федерация 15 йил давомида бизни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламади», — деди у Olamsport эълон қилган видеомурожаатида.

Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг айтишича, Азиз Абдуҳакимов Шахмат федерацияси раислигига келганидан кейин ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда: йирик совринли турнирлар ташкил этилиб, шахматга муносабат ва қизиқиш ўзгариб, қўллаб-қувватланмоқда.

«Ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишдан жуда хурсанд бўлардим, аммо ҳозирги шароитда шахсий ривожланиш учун мамлакатни тарк этишга қарор қилдим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, албатта, қайтиб келиб, ватаним шарафини ҳимоя қиламан», — деди у.

Хулкар Тоҳиржонова 2021 йил бошида шахматчи опа-сингиллар ва Шахмат федерацияси ўртасидаги айрим келишмовчиликлар Ҳусан Турдиалиевнинг қизи Тахмина Турдиалиеванинг ҳам шахматчи эканлиги билан боғлиқлиги ҳақида хабар берган эди.

«Муаммоларимиз 2000-йилларда бошланган. Чунки у билан бир ёш тоифасида ўйнаганмиз. Ҳар доим ундан ютиб олардик ва ҳеч қачон келишув асосида ютқазиб бермаганмиз. Кимдир унга очколарини берди, лекин биз бермадик. Ҳаммаси шундан бошланди», — деди у.

«Олтин балиқча эмас»

Жавоҳир Синдаров. Фото: Reddit.

Ўтган йил бошида 16 ёшли халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ҳам (у бу меъёрни 12 ёшида бажарган, 2018 йилда шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерга айланганди) «Дарё»га берган интервюсида соҳадаги вазият ўзгармаса, федерацияни тарк этиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев унинг сўзларига изоҳ берар экан, 2021 йил 12 январь куни «федерация олтин балиқча эмас, жамоат ташкилоти», деб таъкидлади. Худди шу куни «Марказий шахмат клуби»га 1,76 млрд сўм ўтказиб берилди.