Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Ўзбекистон Шахмат федерацияси билан боғлиқ молиявий операциялар«ни ўрганиб, унинг натижаларини эълонқилди.

Аввалроқ, Malibu автомобилининг шубҳали сотилиши ва Шахмат федерациясидан 1,8 млрд сўмдан ортиқ маблағнинг федерация раҳбарининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги ДХХ генерали Ҳусан Турдиалиев директор бўлган хусусий шахмат клубига ўтказилгани ҳақида ёзгандик.

Ўрганиш натижасига кўра, Ўзбекистон Шахмат федерациясига 2020−2021 йиллар давомида давлат бюджетидан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмагани аниқланган. Фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган республика календарь режасига асосан ўтказилган спорт тадбирлари учун Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маблағлар йўналтирилган.

Таъкидланишича, федерацияга 2020 йил учун маблағ ажратилмаган, 2021 йил давомида эса жами 6 та тадбир учун 2 млрд 834,8 млн сўм маблағ молиялаштирилган. Федерация томонидан унинг 2 млрд 208,4 млн сўми сарфланган ва қолган 626,4 млн сўм маблағлар вазирликка қайтарилган.

«Шахмат федерацияси нодавлат нотижорат ташкилоти бўлгани боис, тўпланган ҳужжатлар «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддасига (Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш) асосан Адлия вазирлигига юборилди», — дейилади хабарда.

Мазкур қонунга кўра, адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур ташкилотнинг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди.

Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, тақдимнома асосида суднинг қарори билан 6ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Шахмат федерацияси матбуот хизмати ушбу маблағлар шахматни ривожлантиришга доир президент қарори (ПҚ-4954) қабул қилиниши билан федерацияга юклатилган қўшимча вазифаларни бажариш учун ажратилганини билдирганди. Жумладан, федерация гўёки ўзининг айрим вазифаларини ўз таъсислигидаги компанияга топширган ва ушбу вазифаларни бажариш учун Ижроия қўмита қарори билан тегишли маблағларни ўтказиб берган.

«Ушбу маблағлар на қайтариш шарти билан ва на беғараз асосда берилган. Ушбу сумма аниқ вазифаларни амалга ошириш ҳамда шахматни ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга ошириш учун қатъий назорат остида берилган», — дейилади федерация баёнотида.

Федерация маълумотларига кўра, маблағлар болалар учун шахматдан видео дарсларни тасвирга олиш ва тайёрлаш хизматлари учун фуқаро Т.С.га (525 млн сўм), Central chess klub дастурини ишлаб чиққани учун яна бир фуқарога (250 млн сўм), Т.Турдиалиевага дизайнерлик хизматлари учун 11,37 млн, Тахмина Турдиалиева — Ҳусан Турдиалиевнинг қизи), 3 дона Lenovo Ideapad 3 (Intel i5/DDR4 8GB, HDD 1000 GB + SSD 128 GB/ 15,6 FFHD TN/ 2GB GeForce MX330) ноутбукидан сотиб олишга 44,4 млн сўм (ушбу ноутбукларнинг тахминий бозор нархи 7 млн сўм атрофида) ва бошқа мақсадларга сарфланган.

Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев Malibu шахмат клубига сотилган вақтда компания федерация таркибида бўлганига аниқлик киритди.

«Кейинчалик, „Марказий шахмат клуби“ алоҳида МЧЖ бўлиб ажралиб чиққан бўлса-да, федерация таркибида бўлган вақтидаги раҳбари — Ҳусан Турдиалиев кўп йиллик тажрибаси инобатга олиниб, ушбу лавозимда ҳам қолдирилган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда автомобиль федерация биносида турибди, «уни ҳеч ким шахсий мақсадларда ишлатмаяпти».

Суннатулло Бозорбоев федерацияда бор-йўғи 8 ходим ишлаши, федерация раҳбари ва унинг ўринбосарлари жамоатчилик асосида ишлашини маълум қилди.

«Уларнинг асосий бошқа иш жойлари бор. Катта турнирларни ташкил қилиш ва ўзимизга юклатилган бошқа вазифаларни бажаришга имконимиз етмагани учун „Марказий шахмат клуби“ МЧЖ ташкил этилган ҳамда бу ташкилотга аниқ вазифаларни бажариш учун қатъий назорат остида маблағлар берилган», — дея қайд этди у.

Бундан ташқари, шахматчи Сергей Қаюмов «Ҳусан Турдиалиевнинг сўнгги 20 йилдаги диктатураси» ҳақида гапирган бўлса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова федерация раҳбарининг биринчи ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари АҚШга кетишига сабаб бўлганини маълум қилганди.