Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси Алишер Саъдуллаев 6 сентябрь куни ушбу лавозимга расман сайланди, дея хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Ёшлар иттифоқининг аввалги раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев 29 август куни президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан вазифасидан озод қилинган эди.

Алишер Саъдуллаев (1994 й. т.) 2017 йил июлида халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланиб, мамлакатдаги энг ёш вазир ўринбосари бўлган эди. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти битирувчиси. Аввал Result ўқув марказини бошқарган. 2018 йил октябридан Алишер Саъдуллаев Ёшлар иттифоқи раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.