Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов энди Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. У мазкур лавозимга Федерациянинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида сайланди.

Бундан ташқари, Абдуҳакимов бир вақтнинг ўзида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори ҳамда Буюк ипак йўли туризм институти (Самарқанд) ректори ҳам ҳисобланади.

Азиз Абдуҳакимов 1974 йилда туғилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Япониянинг «Хитоцубаши» университети битирувчиси ҳисобланади.

Меҳнат фаолияти

Азиз Абдуҳакимов 2010 йилнинг мартидан Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси, ундан аввал шу қўмитанинг раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

2012 йилнинг ноябридан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида меҳнат қилган.

2014 йилнинг ёзидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини (эски номи Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги) бошқарган.

2016 йил 22 февралдаги президент қарори билан вазирлик номи Меҳнат вазирлиги этиб ўзгартирилган. Ўша йили давлат раҳбарининг 4 мартдаги фармони билан Абдуҳакимов меҳнат вазири этиб тайинланган.

2017 йилнинг 26 майидан 7 августигача қайта ташкил этилган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини бошқарган эди.

2017 йилнинг 8 августидан эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтган.

2018 йил май ойи охирларида у бош вазирга ўринбосар этиб ҳам тайинланган.

2019 йилнинг бошидан «Ипак йўли» халқаро туризм университети ректори лавозимига ҳам тайинланган.

У бош вазирга ўринбосар бўлгач, қўмита раҳбарлигидан кетган эди. Унинг ўрнини 2018−2020 йилларда вақтинча раис вазифасини бажарувчи сифатида Абдулазиз Аккулов бажариб турган.

2020 йилнинг бошидан Азиз Абдуҳакимов яна Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раислигига қайтган.

2020 йилнинг 27 августидаги президент фармони билан «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси ташкил этилиб, уни бош вазир ўринбосари — Азиз Абдуҳакимов бошқариши белгиланган эди. Шу билан бирга, унинг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини ҳам мувофиқлаштириб бориши маълум қилинган эди.