Жаҳон метеорология ташкилотининг (WMO) мутахассислари Ердаги иқлим ҳолатини янги ҳисоботда баҳолаб чиқди. 2021 йилда ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги (1850−1900 йиллар) даражасидан тахминан 1,11 (± 0,13) даражага юқори бўлди ва сўнгги етти йил ичида Ердаги энг илиқ йил сифатида қайд этилди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш глобал миқёсда қайта тикланадиган энергия манбаларига кечиктирмасдан ўтиш режасини таклиф қилди. Аввалроқ, у Глазгодаги иқлим конференциясида давлат ва компаниялар раҳбарлари томонидан иссиқхона чиқиндиларини камайтириш бўйича ваъдаларни бажаришдаги сустгашлигини танқид қилиб, хусусий секторда кўмир ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни молиялаштираётганларни жавобгарликка тортишга чақирганди.

«Глобал энергетика тизими функционал эмас ва бизни тобора иқлим фалокатига олиб келмоқда», — деди БМТ раҳбари. Унинг таъкидлашича, қазиб олинадиган ёқилғига таяниш ҳам экологик, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан боши берк кўчадир.

Антониу Гутерриш зудлик билан энергия тизимларини ўзгартириш билан шуғулланиш, хусусан, шамол ва қуёш энергияси қурилмаларига ўтишга чақирди. Global Electricity Review маълумотларига кўра, 2021 йилда тарихда биринчи марта қуёш ва шамол энергияси глобал электр энергия ишлаб чиқаришнинг 10 фоизини ташкил этди.

Бугунги кунда кўп ҳолларда қайта тикланадиган энергия қурилмаларидан фойдаланиш кўмир ва бошқа қазилма ёқилғиларидан фойдаланишга қараганда арзонроқдир. Сўнгги ўн йил ичида шамол энергиясининг нархи ярмидан кўпроққа арзонлашди. Қуёш энергияси ва қуёш панелларининг қиймати 85 фоизгача тушди, деди БМТ раҳбари. Қайта тикланадиган энергетикага йўналтирилган инвестициялар ёқилғи энергиясига йўналтирилган инвестициялардан — уч баравар кўпроқ иш ўринларини яратмоқда, деди у.

БМТ бош котиби қайта тикланадиган энергияга ўтишни тезлаштириш учун бешта муҳим чораларни таклиф қилди, жумладан:

  • қайта тикланадиган энергия технологияларига муҳим глобал жамоат манфаати сифатида муносабатда бўлиш, билим ва технологияларни алмашиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш;
  • қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • улардан фойдаланиш учун шароит яратиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларига хусусий ва давлат инвестицияларини уч баравар ошириш;
  • қазиб олинадиган ёқилғи учун субсидияларни тугатиш, бу дақиқасига тахминан 11 миллион долларни ташкил этади.

«Бугунги WMO ҳисоботидан маълум бўлишича, жуда кеч бўлмасидан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни тезлаштириш вақти келди», — дея таъкидлади БМТ бош котиби.

WМО Иқлим ҳолати шарҳи иқлим ўзгаришини тўртта асосий кўрсаткич бўйича таҳлил қилади — иссиқхона газлари концентрацияси, денгиз сатҳининг кўтарилиши, океандаги иссиқлик миқдори ва океаннинг кислоталаниши.

2021 йилда барча тўртта кўрсаткич янги рекордларни ўрнатди. Масалан, 2013 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда глобал денгиз сатҳи йилига ўртача 4,5 ммга кўтарилганидан кейин янги энг юқори даражага етди. Арктика ва Антарктида муз қатламларидан муз массасининг тез йўқолиши океаннинг олдинга силжишига олиб келди. Юз миллионлаб қирғоқ аҳолиси оғир оқибатларни бошдан кечирмоқда — океан сувлари одамларнинг уйларига кириб бормоқда, қирғоқ бўйидаги шаҳарлар сув остида қолмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, бу маълумотларнинг барчаси инсон фаолияти сайёравий кўламда қуруқликда, океанда ва атмосферадаги ўзгаришларни келтириб чиқараётганини, бу эса узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келишини тасдиқлайди.

«Инсон томонидан ишлаб чиқарилган иссиқхона газлари сақлайдиган иссиқлик кейинги авлодлар ҳаёти давомида сайёрамизни иситади», — деди WМО бош котиби Петтери Таалас. Унинг сўзларига кўра, атмосферадан углеродни олиб ташлаш учун воситалар ўйлаб топилмаса, денгиз сатҳининг кўтарилиши, океаннинг исиши ва кислоталаниш жараёни юзлаб йиллар мобайнида давом этади.

«Баъзи музликларнинг эриши орқага қайтмайдиган даражага етди ва бу 2 миллиарддан ортиқ одам аллақачон сув танқислигини бошдан кечираётган дунёда узоқ муддатли оқибатларга олиб келади», — дея огоҳлантирди у.

Экстремал об-ҳаво ҳолати — иқлим ўзгаришининг кундалик «юзи» дир

БМТнинг қайд этишича, аномал об-ҳаво шароити аллақачон юзлаб миллиард долларлик иқтисодий йўқотишларга олиб келди, одамларнинг ҳаёти ва фаровонлигига жиддий зарар етказди ва озиқ-овқат ҳамда сув хавфсизлиги соҳасидаги муаммоларга айланиб кетди. Улар аҳолининг оммавий кўчирилишига олиб келди.

Сайёрамизни мисли кўрилмаган жазирама тўлқинлар қамраб олди: ўтган йилнинг 9 июлида Калифорниядаги Ўлим водийсида ҳарорат 54,4 даражага етди, бу 2020 йилда дунёда камида 1930 йиллардан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичга тенг. Ҳарорат рекорди Сицилиядаги Сиракузада ҳам қайд этилган — 48,8 даража.

Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида 2021 йил 29 июнь куни ҳаво ҳарорати 49,6 даражага етди ва вайрон қилувчи ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди, бу эса ўз навбатида ноябрь ойидаги сув тошқини оқибатларини янада кучайтирди. Ўзгидромет яқинда Ўзбекистонда аномал иссиқ ва қуруқ кунлар сони ортиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилганди.

Дунёнинг кўплаб минтақалари, жумладан Африка шохи, Канада, АҚШнинг ғарбий қисми, Эрон, Афғонистон, Покистон ва Туркия қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Бу дарёларнинг қуриб кетишига, чорва молларининг оммавий нобуд бўлишига, одамларнинг экинлардан маҳрум бўлишига, ерларнинг деградациясига, унумдорлигини йўқотишига олиб келади. Кўп йиллардан буён ҳал этилмаган дунё очлик муаммоси иқлим ўзгариши билан чамбарчас боғлиқ.