Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 7 ёшли қизга 60 ёшли эркак таҳдид қилиб, ўзининг ғаразли ниятини амалга оширгани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, Янги Наманган туманида яшовчи аёл ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган. Унда 27 март куни аёлнинг вояга етмаган 7 ёшли қизи кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган вақтида ўша ердан ўтиб кетаётган эркак қизни ўз автомашинасига чиқариб, унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилгани баён этилган.

Болалар омбудсманининг «Газета.uz»га билдиришича, эркак 68 ёшда ва ёлланма ишчи бўлган. Сурайё Раҳмонова, шунингдек, эркакнинг ички ишлар тизимида фаолият юритгани ҳақидаги гап-сўзларни ҳам рад этди.

«У ҳозир ҳам, аввал ҳам ички ишлар органларида ишламаган, давлат органига нисбатан асоссиз гаплар кетмоқда», — дея таъкидлади омбудсман.

Ҳодиса юзасидан 5 апрель куни Наманган шаҳри тергов бўлинмаси томонидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича муносабат билдирган Наманган вилояти ИИБ ҳам эркакнинг ички ишлар тизимига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

«Вазиятга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида судга оид тиббий, биологик, кимёвий, шунингдек, руҳий ҳолатни аниқлаш учун судга оид психологик экспертизалар тайинланиб, хулосалар олинмоқда», — дейилади хабарда.