Май ойининг иккинчи ҳафтасида Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги Миллий превентив механизмлар бўйича ишчи гуруҳи Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига ташриф буюрди. Гуруҳ таркибида Омбудсман вакиллари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси вакилларидан иборат бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га «Эзгулик» жамияти хабар берди.

«Эзгулик» жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматовнинг сўзларига кўра, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги колония 2200 кишига мўлжалланган, айни пайтда эса 1123 нафар маҳбус бор, уларнинг 62 нафари диний экстремистик оқимларга мансуб.

Маълум қилинишича, мазкур колонияда халқ артисти, ҳозирда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов ҳам ўз жазосини ўтаб чиққан.

Фозилходжа Арифходжаев. Фото: «Эзгулик».

Мазкур колонияда январь ойида 7,5 йилга қамалган Фозилходжа Арифходжаев ҳам сақланмоқда.

«Қамоқхона шароитидан шикоятим йўқ. Пластик омборида уста бўлиб ишлаяпман. Аммо суд ҳукмидан норозиман ва мен қамалишим керак эмас эди» — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ҳуқуқ ҳимоячиси.

Колония маъмуриятига кўра, бу ерга диний уламо, Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Алий келиб маърузалар қилиб туради.

Қизилтепа колонияси ҳозирда халқ орасида «Аҳмадбой» номи билан машҳур бўлган Аҳмаджон Турсунбоев ҳам ўз жазосини ўтамоқда. Ҳозирда у Тошкентда «Сангород» деб номланувчи жазони ижро этиш бошқармасининг УЯ 64/18-сонли республика шифохонасида соғлигини тикламоқда.

Отабек Сатторий ва Бекзод Нурматов. Фото: «Эзгулик».

Навоийдаги 4-сонли умумий тартибли колония эса 1800 маҳкумга мўлжалланган. Ушбу колонияда блоггер Отабек Сатторий жазо муддатини ўтамоқда. «У қурилиш молларига нақш босувчи омборда оператор бўлиб ишлаяпти. „Эзгулик“ фаоли билан учрашувда ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини таъкидлаган блоггер оилада ёлғиз боқувчи эканини, озодликка чиқиш учун курашаётгани ва фақат президент Мирзиёевга ишонишини таъкидлади», — деди ҳуқуқ ҳимоячиси

Ишчи шуруҳ шунингдек, Зарафшондаги 2200 кишига мўлжалланган колонияда ҳам бўлди. Ҳозирда бу ерда 684 нафар маҳкум жазо муддатларини ўтамоқда. Уларнинг 27 таси диний радикал оқимларга мансубликда айбланган. Мазкур шаҳардаги 36-сонли манзил колония эса 450 кишини сиғдира олади, у ерда 272 нафар маҳкум бор.

Мониторинг натижаларига кўра, қамохоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ош-овқати сифатини яхшилишга уринилмоқда.

«Шикоятларнинг асосий қисми суд ҳукмларининг адолатсизлигидан. Энг ёмон кўрсаткич — маҳкумларнинг катта қисмини ёшларнинг ташкил қилишидир», — дейилади хабарда.

«Эзгулик» маълумотига кўра, ҳозирча қийноқ ва ноинсоний муомала турлари бўйича шикоят йўқ.

«Аммо айрим маҳкумлар бундай ҳолатларни Бухородаги колонияларда, Қаршидаги жазони ижро этиш муассасаларида эшитилаётгани ҳақида гапиришган. Кўрамиз, у томонларга ҳам сафар режалаштириш ниятимиз бор», — дейди гуруҳ аъзолари.

Эслатиб ўтамиз, январда Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди диний блогер Фозилходжа Арифходжаевни жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда айбли деб топиб, уни 7,5 йилга озодликдан маҳрум этди. У ўтган йили диний блогер Аброр Мухтор Алий билан бўлган можародан сўнг ҳибсга олинганди.

«Газета.uz» суд Отабек Сатторийни туҳмат ва товламачиликда айбдор деб топиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилгани, шунингдек, блоггер ва «Termiz Eko Ekspress» МЧЖ раҳбари ўртасида тузилган иккита квартирани сотиш бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топгани ҳақида ёзган эди.