Марказий банк жисмоний шахслар томонидан 2022 йил январь-март ойларида Ўзбекистонга юборилган маблағлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, январь-март ойларида хориждан Ўзбекистонга 1,47 млрд доллар миқдорида пул маблағлари жўнатилган. Бу эса 2021 йилнинг худди шу даврига нисбатан 3 фоиз ёки 49 млн доллар кўпроқ юборилганини англатади.

«Жисмоний шахслар учун чет элдан халқаро пул ўтказмаси орқали келиб тушган пул маблағларини ўз хоҳишларига кўра, чет эл валютасида ёки миллий валютада олиш имкониятлари яратилган», дейилади Марказий банк хабарида.

Шунингдек, Марказий банк 2022 йилнинг I чорагида тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан жами 2,11 млрд доллар миқдорида ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 38 фоизга (585 млн доллар) кўпроқ хорижий валюта сотиб олинганини маълум қилди.

Ўз навбатида, тижорат банклари орқали жисмоний шахсларга жами 1,73 млрд доллар миқдорида ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 69 фоизга (709 млн доллар) кўп хорижий валюта сотилган.

Аввалроқ, Жаҳон банки Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятларнинг Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажмига таъсирини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21 фоизга қисқариши кутилаётганини тахмин қилган эди. Шунингдек, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам март ойининг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан «сезиларли» даражада камайгани тўғрисида маълум қилган.