2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 3,2 млн сўмга тенг бўлди, дейилади Давлат статистика қўмитаси баёнотида.

Ушбу кўрсаткич 2020 йилга (2,673 млн сўм) нисбатан 20 фоизга ўсган. Йил давомида иш ҳақи мунтазам ўсишига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига икки маротаба ўзгартириш киритилиб, 822 минг сўмга етказилгани асосий сабаблардан бўлгани айтилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича

Ҳудудлар кесимида саноат ва қурилиш соҳаларида ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Навоий вилоятида қайд этилган. Ушбу вилоятда саноат соҳасида ўртача маош қарийб 6 млн сўмни, қурилиш соҳасида эса 4,8 млн сўмни ташкил этган. Саноат соҳасида энг паст кўрсаткич эса Наманган вилоятида (2,226 млн) сўм қайд этилган. Қурилиш соҳасида эса Фарғонада энг қуйи кўрсаткич — 2,204 млн сўмга тенг бўлди. Саноатда ўртача маошларнинг вилоятлар кесимида тенсизлиги ўтган йилга нисбатан ортган. Жумладан, соҳада энг юқори ва энг қуйи маош ўртасидаги фарқ 3,7 млн сўм бўлиб, тенгсизлик 2020 йилга нисбатан (2020 йилда фарқ қарийб 2,7 млн сўм) 37 фоизга ошган.

Қолган барча соҳаларда эса йиллик ўртача маошнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган. Хусусан, савдо соҳасида пойтахтдаги маошлар (ўртача 3,797 млн сўм) республикадаги ўртача маошдан юқорироқ бўлган. Бошқа ҳудудларда эса маошлар республиканинг ўртача кўрсаткичидан паст бўлган.

Таълимда ўртача маошлар республика кўрсаткичидан қарийб 28% (соҳадаги ўртача маош 2,3 млн сўм), соғлиқни сақлашда эса 32,8% (2,157 млн сўм) камроқни ташкил этган. Ўтган йили бу кўрсаткичлар бироз юқорироқ, мос равишда 25,8% ва 32,2% эди.

Энг юқори маош банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида қайд этилган — ўртача 8,292 млн сўм. Бу соҳада энг кам ойлик иш ҳақи Сурхондарё вилоятида (5,478 млн сўм) қайд этилган.

Яна бир жиҳат шундаки, иқтисодий фаолият турларининг нисбатан ўртача йиллик иш ҳақи кўп тўланадиган турларида нисбатан камроқ ҳодимларни (масалан «Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида — жами ходимларнинг 2,2 фоизи, ахборот ва алоқа соҳасида — 1,2 фоизи) иш билан банд қилинганлиги, аксинча, ўртача ойлик иш ҳақи камроқ ҳисобланган соҳаларда ходимлар сони улуши нисбатан катта эканлигини кўриш мумкин (соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида — 16,2%, таълимда- 37,6%).

Фото; Давлат статистика қўмитаси

2021 йил январь-декабрь ойларида республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг 2020 йил мос даврларга нисбатан ўсишига аэътибор қаратилса, энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё вилоятида — 30,3% (бу йилда 2,7 млн сўм, 2020 йилда 2,090 млн сўм), Тошкент шаҳрида — 23,1% (4,947 млн сўм ва 4,018 млн сўм) ҳамда Қашқадарё вилоятида — 23,1%ни (2,5 млн сўм ва 2,047 млн сўм) ташкил этган. Бироқ Сурхондарё вилоятидаги йиллик ўртача маош республика кўрсаткичидан 15 фоизга камроқ бўлиб қолмоқда.

Рақамлар амалдагиси билан тўғри келадими?

Ушбу маълумотларга иқтисодчи Отабек Бакиров ўз муносабатини билдирар экан, амалда ўртача ойлик иш ҳақи бундан анча паст эканини маълум қилди. «Чунки бу сафар ҳам ойлик иш ҳақи жуда паст бўлган қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес субъектлари бўйича кўрсаткичлар умумий статистикада акс этмаган», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Қўмитанинг изоҳига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар республиканинг барча корхона ва ташкилотлари, жумладан кичик корхоналар, микрофирмалар, фермер хўжаликлари бўйича йилда бир маротаба шакллантирилади. Бунга сабаб кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари Ўзбекистон президентининг 2014 йил 7 апрелдаги (ПФ-4609-сон) фармонига мувофиқ давлат статистика ҳисоботларини статистика идораларига йилда бир маротаба тақдим этади.

Ушбу сабаб туфайли 2020 йилда Ўзбекистон бўйича ўртача ойлик иш ҳақи кичик корхоналар, микрофирмалар ва фермер хўжаликларини қўшган ҳолда 2,227 млн сўмни ташкил этган бўлса, кичик корхоналар, микрофирмалар ва фермер хўжаликларисиз эса 2,673 млн сўмни ташкил этган. Яъни ўртача ойлик иш ҳақи кичик корхоналар, микрофирмалар ва фермер хўжаликларини қўшган ҳолда ҳисобланганида 446 минг сўмга кам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Марказий банк ўтказган сўровномада қарийб 70 фоиз иштирокчи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш хақига тўғри келиши таъкидланганди.