Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан Самарқанд шаҳар «Чашма» МФЙ ҳудудида жойлашган меҳмонхонада тезкор тадбир ўтказилди, дея хабар берди Департамент матбуот хизмати.

Тезкор тадбирда маълум бўлишича, фуқаролар Р.М. ва Б.А. 4892 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини жами 7900 AҚШ долларига сотишга келишиб, 7500 доллар ва 4,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятида кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланишда гумонланган 9 нафар шахсни ҳибсга олгани ҳақида маълумот берган эдик. Уларнинг ёнидан 34 млн сўмлик 1351 дона дори воситаси топилган.