Хабарингиз бор, 20 апрель куни Фориш туманида Нурота тоғ тизмаси томонидан сел ва сув тошқинлари Сардобадан кам бўлмаган даражада талофат келтирди. Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган бўлса, Эгизбулоқда 5 нафар фуқаро вафот этганлиги маълум қилинди.

«Газета.uz» мухбири Абдулло Ëдгоров 2 кун давомида аҳоли турар жойлари ва уларнинг кўп йиллик рўзғорига етган зарарни ўрганди, улар билан суҳбатлашиб воқеа қандай бўлганига ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Пайшанба куни фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев талофат етган уйлар орасини айланиб, одамлар билан мулоқот қилди.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев (чапдан иккинчи) ва фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев (ўнгдан иккинчи).

Суҳбат давомида Абдулла Қўлдошев одамлар орасида ўз хонадонини йиғиштириб, уй жиҳозларини тозалаётган Исроил исмли фуқарони олдига чақирди ҳамда вилоят ҳокими ва бошқаларга сел келганида ўзини йўқотмасдан, «қаҳрамонлик қилган», деб таништирди. «Исроил ўз фарзанди ва аёлининг ҳаётини сақлаб қолиб, сел келиб урган уйдан олиб чиқиб кетган», — деди вазир.

«Газета.uz» мухбири уларнинг суҳбати якунлангач Исроил Алиевдан табиий офат қандай содир бўлгани ҳақида сўради.

«Уйдан эшикни очиб қарасам, олдимда 2 метр баландликдаги сув турганини кўрдим. Қайтиб уйга кириб кетдим, чиқишни иложи йўқ эди. Боламни дераза устига чиқардим. Сув пасайгунча шундай жон сақлаб турдик», — деди у.

Селдан кейин Исроил Алиевнинг уйи.

Таъкидланишича, у сув баландлиги пасая бошлагач уйдан чиқишга ҳаракат қилган.

«Дарахтга қараб турдим, сув уни айиричага (баландлиги тахминан 60−70 см — таҳр.) етганидан кейин энди чиқса бўлар экан деб чиқдик. Уйни орқасидаги нариги кўчага чиқиб кетдик», — дея сўзлаб берди Исроил Алиев.

Унинг сўзларига кўра, сув 2 метрдан баланд келишига уйлар ва уларнинг олдидаги тўсиқлар — тош билан қаланган ҳудудий чегара деворлари — сабаб бўлган.

«Тўсиқни бузиб ўтаман деганча дамба бўлади. Бузгандан кейин тўпланган сув келади. Агар ўзини йўли билан келганида оқиб ўтиб кетаверарди. Ҳозиргача бундай баланд ва шиддат билан сел келмаганди. 2013 ёки 2014 йилда тизза баравар келган, уйимни фақат ҳовлисига кирган, лекин жа унақа ваҳимали, қўрқинчли жойи йўқ эди», — деди у.

Селдан кейин Исроил Алиевнинг уйи. Хоналар ичи лойга ботган, ФВВ ва бошқа ҳашарчилар ёрдамида лойлар чиқарилган.

Исроилнинг қайд этишича, сел оқибатида уйсиз қолганларга уй қуриб берилиши ваъда қилинган.

«Ҳокимиятдагилар 3 хонали уй қилиб берамиз, президент томонидан қурилади деяпти. Бошқа жойни ўрганиб, сувга мослашган жойлардан, сув, газ, свет борадиган қилиб, қишлоқча қуриб, 30 та хўжаликка қилиб берамиз деган ваъдаси бор», — дея умид билдирди Исроил Алиев.

Вилоят ҳокими Эргаш Солиев уйларни бузиб ўтган сув йўлида бошқа уйлардан етарли масофада хавфсиз оралиқ ҳудудда канал қурилиши ва атрофига дарахтлар экилишини маълум қилди.

Исроил Алиевнинг қўшимча қилишича, ҳокимият вакиллари бетондан канал ўрнатилиши ва одамлар ўтиб, қайтиши учун устидан кўприк қурилишини айтган.

Селдан кейин Исроил Алиевнинг уйи.

Аввалроқ, сел ва сув тошқини оқибатида Эгизбулоқ маҳалласида 5 киши, шу жумладан икки нафар ёш бола ҳалок бўлгани ҳақида ёзгандик. Бундан ташқари, 53 та хонадон тўлиқ талофат кўрди. 25 та уйда яшовчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинча бошқа жойга кўчирилди. «Газета.uz» воқеа жойидан тайёрланган фоторепортажни ҳам эълон қилганди.