Бир кун аввал, 20 апрель куни Жиззах вилоятида бедарак йўқолган деб топилган эркакнинг сувга чўкиб кетгани маълум бўлди. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида унинг жасади топилди, деб хабар бермоқда вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, 20 апрель куни соат 15:00 атрофида Фориш туманидаги Эгизбулоқ маҳалласида Нурота тоғ тизмаси томондан сел келган. Бунга кучли ёмғир сабаб бўлган.


Аввалроқ тўрт киши ҳалок бўлгани, олти киши турли оғирликдаги жароҳатлар олгани ҳақида хабар берилган эди. Сув тошқини 53 та уй ва уларнинг хўжалик иншоотларига ҳам зарар етказган.

Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Воқеа содир бўлган ҳудудда тезкор штаб ташкил этилиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишлари кетяпти.

Мудофаа вазирлигидан маълум қилишича, яқин атрофдаги ҳарбий қисм хизматчилари табиий офат оқибатларини бартараф этишда жабрланган Эгизбулоқ маҳалласидаги аҳолига ёрдам бермоқда.

Аввалроқ, Жиззах ва Самарқанддаги кучли сел оқибатида 260 та хўжалик талофат кўргани, 6 та мактаб, 2 та МТМга сув кириб, 6 киши қутқарилгани хабар қилинганди.