20 апрель куни соат 15:00 атрофида Фориш туманидаги Эгизбулоқ маҳалласида Нурота тоғ тизмаси томонидан сел келди. Бунга кучли ёмғир сабаб бўлганлиги айтилди. Табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳозиргача 5 кишини ташкил этмоқда, уларнинг икки нафари ёш бола.

Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев бошчилигидаги ишчи гуруҳ штаби ташкил этилиб, барча давлат орган ва ташкилотлари раҳбарлари аҳолига ёрдам бериш, талофат асоратларини бартараф этиш билан шуғулланишмоқда. Қолаверса, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам ишлар боришини назоратга олган.

«Газета.uz» мухбири 21 апрель куни Эгизбулоқ маҳалласига ташриф буюриб, талофат оқибатларини фотокамера объективига муҳрлади.

Ўрганишлар натижасида мазкур ҳудудда жойлашган 53 та хонадон сел оқимидан тўлиқ, 44 та хонадон ўрта ва 163 та хонадон енгил даражада талофат кўрганлиги маълум бўлди. Сел оқимлари таъсирида ижтимоий соҳа объектлари ҳам зарар кўрган. Хусусан, 15-сонли умумтаълим мактаби ва 9-сонли мактабгача таълим муассасаси биноларининг 1-қаватига сув кирган. Шунингдек, маҳалланинг 1,5 км ички йўллари сел сувлари тошганлиги сабабли транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.


Эгизбулоқ маҳалласидаги 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаролар вақтинчалик яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчириб ўтказилди, улар учун туман ҳокимлиги томонидан ҳаётий зарур маҳсулотлар захираси ташкил этилди.

Содир бўлган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишларига жами 936 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчи-хизматчилари ҳамда 63 та махсус техника жалб этилди.

Асосий сел уриб, талофат етказган ҳудуд.









Сув тошқини оқибатида уйнинг бир қисми қулаб, унинг ичидаги хўжалик буюмларига ҳам зарар етган.



Кўплаб мустаҳкам қурилган хонадонларга айтарлик зарар етмаган бўлса-да, уларнинг ховлилари сув ва лойга тўлган.




Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев Жиззах вилояти ҳокимига асосий сел урган ҳудудда сув ўтиши учун бетон қоришмали «зовур» қуриш ҳақида гапирмоқда. Қолаверса, келгусида бўлиши мумкин бўлган табиий офатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли чораларни кўриш зарурияти ҳақида фикр алмашилмоқда.




Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва бошқа вилоятлардан кўплаб хашарчилар келган, шу жумладан, ФВВ ва ҳарбийлардан иборат гуруҳлар уйлар атрофи ва ичини тозалашда, қулаб тушган ва яшаш учун хавфли бўлган уйларни бузишда кўмаклашмоқда.



Уйлари бузилган одамлар ўзига тегишли бўлган ва зарар етмаган буюм ва жиҳозларни чиқариб, тозалаб олмоқда.


Вазир уйини қарийб сув оқизиб кетган фуқаролардан бири ўз оиласини қандай қилиб қутқариб қолгани ҳақида вилоят ҳокимига сўзлаб бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда биринчи қаватига сув кириб кетгани тасвирланган мактаб. Ҳозир тартибга келтирилган ва аҳолига зарурий ёрдамни кўрсатиш марказига айланган. Бу ерда талофат кўрган одамларга озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга, бошқа хўжалик буюмлари, жумладан, кўрпа-тўшаклар тарқатилмоқда.


Мактаб ҳовлисидаги аҳвол.





Вилоятнинг Пахтакор, Дўстлик, Гагарин туманларидан, шунингдек, бошқа ҳудудлардан ҳам зарурий ёрдам етиб келмоқда ва мактаб ичида тақсимланаяпти.


Эгизбулоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган махсус штаб. Сел оқибатларини бартараф этиш юзасидан ишлар шу ернинг ўзида ташкиллаштирилмоқда.