Адлия вазирлигида озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчи 10 та йирик савдо тармоғи тадбиркорлари билан исрофгарчилик ҳолатлари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Озиқ-овқатдан норационал фойдаланиш муаммоси барча мамлакатларда мавжуд: БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунёдаги барча озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи ёки 1,64 млрд тоннаси ахлат қутисига ташланган. Шу билан бирга, йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг фақатгина 25 фоизи бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳар йили 3 млн тонна озиқ-овқат чиқиндиларга ахлат қутисига ташланади. Тошкентда кунига 2 тонна, йилига эса 730 тонна нон маҳсулотлари чиқиндига чиқади, дея маълум қилинди йиғилишда.


Йиғилишда Германия, Франция, Япония, Россия ва бошқа мамлакатлар тажрибасини кўриб чиққан ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш учун хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзларини жорий этиш, фудшеринг платформалари ва озиқ-овқат банклари фаолиятини ривожлантириш, яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш кабиларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.