Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала тумани аҳолиси билан учрашувда дунёдаги мураккаб вазиятнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида тўхталди.

«Бугунги кунда дунёдаги вазият жуда жиддий, буни билган билади. Нефть маҳсулотлари 50 фоизгача, айрим озиқ-овқат турлари, масалан, ўсимлик ёғлари 70 фоизгача ошиб кетди», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Kun.uz.

Давлат раҳбари Ўзбекистон шакар заводлари ишлаши учун Бразилиядан хом ашё олиб келгани, бироқ ҳозир бу тўхтаб қолганини маълум қилди.

«Афсуски, ҳозирги айрим сиёсий вазиятлар туфайли йўллар ёпилиб қолиб, ишлар тўхтади. Шунинг учун нарх ошиши ва инфляциянинг халқимиз ҳаётига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида, биз янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз, тинмай ишлашимиз керак. Токи бир кун вақтимиз бор экан, битта дарахт экишга, битта ҳосил олиб халқимизга етказишга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.

Йўллар ёпилганига қарамай, Афғонистон, Покистон йўналишидаги ишларни давом эттирилмоқда.

«Бош мақсадимиз халқимиз тараққиёти», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ўсимлик ёғи истеъмолининг ярмига яқини импорт ҳисобидан қопланади. Бундай шароитда жаҳон бозоридаги ҳар қандай тебранишлар ички бозордаги нархларга таъсир қилади. Жаҳон ўсимлик ёғи экспортининг 64 фоизини ташкил этувчи Украина ва Россиядаги вазият унинг жаҳонда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам нархи ошишига олиб келиши мумкин. «Газета.uz» ўсимлик ёғи нархининг ошиши яқин ойлардаги асосий муаммолардан бирига айланиши мумкинлигини ёзганди.