1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари ўтган ойда 205,1 млн долларга камайган ҳолда 35,15 млрд долларни ташкил қилди. Бу Марказий банк маълумотларида ўз аксини топди.

Бу пасайиш, асосан, март ойида валюта захираларининг 354,5 млн долларга қисқариб, 13,17 млрд долларгача камайиши билан боғлиқ. Бунга Марказий банкнинг март ойида сўм курсини барқарорлаштиришга қаратилган валюта интервенциялари сабаб бўлиши мумкин.

Олтин захираларининг қиймати бир оз — 20,88 млрд долларгача (+ 159,4 млн доллар) ошди, унинг жисмоний ҳажми эса бир хил — 10,9 млн трой унция даражасида (тахминан 339,02 тонна) сақланиб қолди.

Шу билан бирга, мавжуд захиралар мамлакатнинг 2021 йилдаги 25,5 млрд долларни ташкил этган йиллик импорти ҳажмидан анча ошади. Ўз навбатида, халқаро ташкилотларнинг ривожланаётган мамлакатлар учун тавсияларига кўра, захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак, деб ёзади Spot.