2021 йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан 16%га кўпайди ва 42,1 млрд долларни ташкил этди, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Ўтган йил якуни бўйича ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистондан экспорт ҳажми 10%га кўпайиб, 16,611 млрд долларга етди. Импорт ҳажми эса 20,4% га кўпайди ва 25,461 млрд долларни ташкил қилди.

Ташқи савдо айланмасининг манфий ташқи савдо баланси 8,85 млрд долларни ташкил этди — ўтган йили ушбу кўрсаткич 6 млрд доллар бўлган эди.

Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари орасида Россия (умумий савдо айланмасининг 17,9%), Хитой (17,7%), Қозоғистон (9,3%), Туркия (8,1%) ва Жанубий Корея (4,5%) давлатлари қолмоқда.

2021 йилда Ўзбекистондан экспортнинг асосий қисмини саноат товарлари (умумий экспортнинг 26,1%), олтин (24,7%), хизматлар (15,3%) ва озиқ-овқат товарлари (8,3%) ташкил этди.

Ўз ўрнида, 2021 йилда саноат товарлари (уларга тўқимачилик маҳсулотлари, рангли металлар, темир ва пўлат киради) экспорти 2020 йилги экспорт ҳажмига нисбатан 7%га ўсган. 2020 йилда экспорт қилинган олтин ҳажми эса 2021 йилги кўрсаткичларга нисбатан 13,7% кўпроқ бўлган. Шунингдек, машиналар экспортининг улуши умумий экспорт ҳажмида 1,5 маротабага кўпайиб, 4,2%га етган.

Ўтган йил давомида Ўзбекистонга импортнинг асосий қисмини машиналар ва асбоб-ускуналар импорти (32,4%, 2020 йилга қараганда 5,2%га камроқ), саноат товарлари (18,5%), кимёвий воситалар (14,3%), озиқ-овқат товарлари (9,9%) ва хизматлар (6,8%) ташкил этди.