Rost24.uz нашри бош муҳаррири Анора Содикова марҳум сенатор, собиқ бош вазир ўринбосари, Футбол федерацияси ва Миллий олимпия қўмитаси собиқ раҳбари Мираброр Усмоновнинг ўғли — Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги материал ўчириб ташланганини маълум қилди. Журналист ўчириб ташланган видеони ўзининг Facebook`даги саҳифасида эълон қилди.

Видеода гап тадбиркор, «Ardus» компанияси асосчиси ва бош директори ҳамда «Эзгу мақсад» хайрия жамғармаси раҳбари Жаҳонгир Усмоновнинг фаолияти ҳақида кетмоқда. Унинг номи таниқли сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур бойларнинг офшор операциялари ҳақида сўз борган «Pandora Papers» журналистик суриштируви доирасида учрайди.

Анора Содикованинг сўзларига кўра, «Жахонгир Усмоновга тегишли бўлган бир нечта компаниялар тармоғи офшор компаниялар ва молиявий жиноятларга етаклайди».

Хусусан, Жаҳонгир Усмонов Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Winger Investments Limited компаниясининг ягона бенефициари бўлиб, Европа банкларида ҳам ҳисоб рақамларига эга.

Мақолада 2017 йилда «Хоразм Шакар», «Ангрен Шакар» заводлари ва бир қатор хорижий компаниялар ташаббуси билан ташкил этилган «Эзгу мақсад» хайрия жамғармаси ҳақида ҳам сўз боради. Халқаро хайрия жамоат фондига истисно тариқасида ваколатли банк ҳисобрақамларига хорижий жисмоний ва юридик шахслардан беғараз асосда маблағлар олишига рухсат этилган.

Журналистнинг таъкидлашича, жамғарма ва офшор компаниялар ўртасида гўёки катта миқдордаги айланмалар бўлган. Унинг сўзларига кўра, хайрия фонди беш йил давомида бирорта ҳам ҳисоботни эълон қилмаган, веб-сайти ёки ижтимоий тармоқларда саҳифаларга ҳам эга эмас, шу сабабли унинг фаолияти шубҳа уйғотган.

Шу жумладан, фонд ўз фаолияти давомида асосий вазифаларидан бири бўлган бўлса ҳам «Саховат» ва «Мурувват» қариялар уйларига ҳеч қачон ёрдам кўрсатмаган.

Журналист фонд раҳбари Камола Шарипованинг сўзларига таяниб, «Эзгу Мақсад» ортида «катта оила» турганини айтди.

Анора Содикова мақола ва видео эълон қилинганидан сўнг, таҳдид ва тазйиқларга учраганини маълум қилди.

«Бир ой изланиб, фактлар асосида материал тайёрладик ва эълон қилдик. Бироқ шеригимнинг рақамига қўнғироқ қилишиб, „тинч ҳаёт керак бўлса“, материални олиб ташлашимиз кераклигини айтишган. Шундан сўнг мақолани сайтдан олишга, Youtube саҳифасидан ўчиришга мажбур бўлдик», — деди Анора Содиқова Human.uz билан суҳбати давомида.

Қолаверса, у ўзининг Facebook саҳифасида мақоласини президентнинг «4-ҳокимият бўлинглар, орқангизда мен турибман» деган гапларига ишониб ёзганини қўшимча қилди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тадбиркор Комил Алламжонов журналист Анора Содиқова атрофидаги вазиятдан хавотирда эканлигини билдирди.

«Қонун устувор давлатларда ҳар қандай зиддиятли ҳолатлар (агар у бўлса) фақат суд орқали ҳал қилиниши керак. Журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас. У замонлар ўтиб кетди. Қайтаришга уринманг. Фонд бу ҳолатни кузатиб боради», — деб ёзади у.

2021 йил апрель ойида Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлаб, 180 давлат орасида 157-ўринни эгаллади. Индекснинг пасайиши 2018 йилдан бери биринчи марта содир бўлди. Мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳамон «мураккаб» сифатида баҳоланмоқда.