Жаҳонгир Усмонов «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат жамғамаси бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Васийлик кенгаши аъзолари йиғилишида марҳум сенатор Мираброр Усмонов ўғлининг номзоди тасдиқланди, дея хабар қилди ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Жаҳонгир Усмонов (1968 й. т.) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.

1995 йилдан буён ARDUS қўшма корхонасининг бош директори ҳамда ILK PLYUS инвесторлар ассоциацияси бошқаруви раиси ҳисобланади. У «Эзгу мақсад» жамғармаси бошқаруви таркибидан ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, Жаҳонгир Усмонов 10 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон Футзал ассоциацияси вице-президенти вазифасида ҳам фаолият олиб борди, ҳозирда Осиё футбол конфедерацияси қўмитаси аъзоси. Спорт соҳасидаги муваффақиятлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвонига лойиқ кўрилган.

«Эзгу мақсад» жамғармаси 2017 йилда аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш учун ташкил этилган. Аҳолининг заиф қатламлари саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда етим болаларга ёрдам кўрсатиш ҳам ташкилот вазифаларидан ҳисобланади.