Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси янги Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлади, деб хабар қилди Президент маъмуриятига яқин «Нигоҳ» Telegram-канали. Ҳужжатнинг ўзи ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган.

Янги йўл ҳаракати қоидалари лойиҳаси қонун талабига кўра, regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилмаган. Ўзгартиришлар эса 1 майдан кучга киради.

Президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишланган йиғилишда халқаро стандартларга асосланган янги йўл ҳаракати қоидаларини ишлаб чиқиш зарурлигини, чунки амалдагилари «сезиларли даражада эскирган"ини маълум қилган эди. У барча ўзгаришларни «депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан муҳокама қилиш» орқали ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Бироқ «Газета.uz»нинг бундай муҳокамалардан хабари йўқ.

Халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамиятининг тавсияларига қарамай, ҳукумат аҳоли пунктларида рухсат этилган максимал тезликни яна камайтирмади ва уни 70 км/соат қилиб қолдирди.

Шу билан бирга, президентнинг яқинда қабул қилинган қарори (ПҚ-190) билан тузилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Республика комиссияси қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида юқори ҳаракат интенсивлиги ва одамлар гавжум жойларда максимал тезликни 60 км/соатгача камайтириш мумкин.

ЙҲҚнинг амалдаги таҳририда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан келишилган ҳолда йўлларнинг айрим участкаларида ёки айрим турдаги транспорт воситалари учун ҳаракатланиш бўлакларида тезликни ошириш ёки камайтириш ҳуқуқига эга.

Мазкур йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахт марказида транспорт тезлиги 50−60 км/соатдан ошмаслиги кераклигини таъкидлаган эди. «Нигоҳ» хабарига қараганда 50 км/соат кўрсаткичи янги қарорда кўринмайди.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

2018 йилда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси шаҳарда тезликни пасайтириш имкониятлари ўрганилаётгани ҳақида маълум қилган, бироқ кейинги йилларда бу мавзу кўтарилмаган. Ўзбекистонда тезлик чегараси ҳатто собиқ СССР давлатлари орасида ҳам энг юқори бўлиб қолмоқда.

ЙҲҚнинг янги таҳририда президентнинг мактаблар ва болалар боғчалари яқинидаги аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатини 30 км/соатгача чеклаш тўғрисидаги топшириғи (халқаро ташкилотлар тавсияларига мос келади) акс эттирилган. Ушбу чеклов 300 м масофада амал қилади. Унинг қандай амалга оширилиши (белгилар, горизонтал белгилар ёки бошқалар ёрдамида) ва қандай бошқарилиши (сунъий нотекисликлар, тирбандликни сокинлаштиришнинг бошқа усуллари, камералар ва бошқалар) аниқлаштирилмаган.

Аҳоли турар жойлари ва унга туташ ҳудудларда (турар-жой бинолари орасидаги ер участкаси) тезлик чегараси 30 дан 20 км/соатгача пасайтирилди. Бу қандай амалга оширилиши ва назорат қилиниши ҳам аниқ эмас. Эндиликда чеклов борлигига қарамай, ҳамма жойда ҳам кузатилмаяпти, аҳоли турар жойлари ва маҳаллалардаги кўчалар асфальтланганидан сўнг улар янада хавфли тус олмоқда.

2018 йилда Ўзбекистонда аҳоли пунктларида максимал тезликни 70 дан 60 км/соатгача камайтириш таклиф қилинган эди. Бироқ ҳукумат томонидан қабул қилинган 2018−2022 йилларга мўлжалланган Йўл ҳаракати хавфсизлиги концепциясининг якуний таҳририда бу банд чиқариб ташланди.

Президентнинг секинлашув зарурлиги ҳақидаги баёнотидан сўнг, ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Жамоатчилик хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаев Ўзбекистон Vision Zero стратегияси элементларини ҳаётга татбиқ эта бошлаганини маълум қилди. Ҳозирча бу йўналишда ҳам қатъий чоралар кўрилмаган.

Нима учун секинлашиш муҳим ва нима учун бу етарли эмас

Мутахассисларнинг фикрича, тезликнинг ҳар 1 км/соатга ошиши ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар сонининг 4−5 фоизга ошишига олиб келади. Автотранспорт тезлиги қанчалик секин бўлса, улар билан тўқнашувда пиёдаларнинг шикастланиши ва ўлими хавфи ҳам шунчалик паст бўлади.

30 км/соат тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаси урилганда пиёданинг омон қолиш эҳтимоли 99 фоизни ташкил қилади, лекин тезлик 50 км/соат бўлса, омон қолиш даражаси 80 фоизга тушади.

Март ойида Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа бошқармаси бошлиғи Мурод Обидов шаҳар бўйича 50 км/соат тезлик энг мақбул эканлигини таъкидлаган эди. «Бу илмий исботланган факт, — деганди Мурод Обидов.

Таълим муассасалари яқинида ва турар-жойларда 30 км/соат ва ундан паст тезлик чегараси кўпчилик ривожланган мамлакатларда стандарт ҳисобланади. Бироқ бу ягона шарт эмас. Кўчаларни ҳаракатни сокинлаштирувчи компонентлар (кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари, мажбурий хавфсизлик ороллари, қатнов қисмининг торайиши ва эгилиши, чорраҳалардаги айланмалар ва бошқалар), тезликни чегаралаш механизмлари ва бошқаларни қўшиб қайта қуриш зарур.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлаганидек, болалар жуда заиф йўл фойдаланувчилари, чунки улар жисмоний, ақлий ва ижтимоий ривожланиш билан боғлиқ чекловларга эга. Бўйининг пастлиги болаларнинг атрофдаги тирбандликни кўришини қийинлаштиради ҳамда ҳайдовчилар ва бошқаларнинг ҳам уларни кўришини қийинлаштиради. Воқеа содир бўлган тақдирда, юмшоқ бош суяги болаларни бош жароҳати учун кўпроқ ҳимоясиз қилади.