Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 11 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш якунлари бўйича президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Йиғилиш «ўта танқидий руҳда» ўтганини таъкидлаб, департамент бошлиғи шундай деди: «Аввало, барча ички ишлар органлари ходимлари номидан муҳтарам президентга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим. Чунки кўп йиллар давомида ички ишлар тизимида, айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда кўплаб муаммолар мавжуд эди».

«Мана шу муаммоларнинг барчасмини ечимини, буни сабабларини ва уни бартараф этиш чора-тадбирларини бандма-банд, босқичма-босқич ҳурматли президент бизга кўрсатиб, белгилаб берди», — деди вазир ўринбосари.


Йиғилишдан сурат. Манба: Президент матбуот хизмати.

Бекмурод Абдуллаев 3 февраль куни ҳайдовчилик гувоҳнамаси учун янги ягона имтиҳон маркази марказ очилишида сўзга чиқиб, шундай деганди: «Албатта, агар президентнинг сиёсий иродаси бўлмаганида, биз бундай инқилобий қадамга журъат этмаган бўлардик».

Телеканалга берган интервюсида ИИВ раҳбари ўринбосари давлат раҳбари йиғилишда ҳайдовчилар тайёрлаш соҳасидаги муаммоларга эътибор қаратганини, автомактаблар «мутлақо талабларга жавоб бермаслиги»ни айтганини маълум қилди.

«Бу борада Президентимиз, биринчи ўринда, барча мавжуд автомактабларни тафтишдан ўтказиш, уларнинг инфратузилмасини ўрганиб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ишлаб чиққан ҳолда, уларга бўлган талабларни жаҳон стандартларига мос равишда тўлдириш ва шу талабларга жавоб берадиган автомактабларгина тизимда қолишини айтиб ўтди», — деди у.

Бекмурод Абдуллаевнинг айтишича, автомактабларда ўқитиш методикаси ва муддатини ҳам қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

«Агар илгари ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрлаш икки-уч йил ёки камида олти ой давом этган бўлса, ҳозир бу муддат уч ой — 277 соатни ташкил этади. Президент буни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш кўрсаткичлари юқори бўлган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, кадрлар тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди», — деди у.

Йиғилишда «жуда эскирган» Йўл ҳаракати қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва қоидаларни бузганлик, айниқса ЙПХ ходимларига қўполлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш вазифаси қўйилган. Жариманинг балли тизими жорий этилиши муносабати билан ҳайдовчилар томонидан бир йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини қайта-қайта бузган ҳайдовчилар бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниши кераклиги айтилди (айрим ҳайдовчилар йилига 100 тагача ва ундан кўп қоидабузарликка йўл қўйиб, жарима тўлайдилар ва автомобилни бошқаришда давом этадилар).

Бундан ташқари, президент шаҳарларда транспортнинг рухсат этилган максимал тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатга, Тошкент марказида 50−60 км/соатга, мактаб ва боғчалар яқинида 30 км/соатгача камайтириш бўйича топшириқ берди (Бекмурод Абдуллаевнинг аниқлик киритишича, бундай чегарани улардан 300 метр масофада белгилаш таклиф қилинмоқда).

Президент парламент, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идораларни вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганига қарамай, йиллар давомида сукут сақлаганликлари ва ташаббускорлик кўрсатмаганликларида айблади. Йиғилишдан сўнг қатор депутатлар ва мутасаддилар президентнинг йўлларда ўлим ҳоллари кўплиги фожиа эканлиги ҳақидаги сўзларига қўшилиб, сўз бошлади.