Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президент соҳага масъул «Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолимизнинг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарур.

Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг «драйвер» соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.

Бу борада, беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, «UzAuto Motors» автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Шавкат Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» депутат Расул Кушербаев билан айни шу мавзудаги интервьюни эълон қилганди. У олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

«Мен бу масала бўйича икки йил аввал материаллар чиқарганман. 1995 йилда қабул қилинган президент фармонига кўра (ПФ-1154), 15% олдиндан тўлов асосида ҳам товар харид қилиш мумкин деб кўрсатилган эди. Олдиндан тўловнинг энг кам миқдори 85 фоиз эмас эди. Шундан келиб чиққан ҳолда мен 2020 йилда пост ёзган эдим», — деганди депутат.

«1995 йилда қабул қилинган фармоннинг 1-банди мен пост ёзган вақтда ўз кучида бўлган, лекин бахтга қарши, яқинда уни ўзгартиришга улгуришибди. Катта эҳтимол билан, шу масалани кўтарганимиздан кейин UzAuto`дагиларми ёки уни қўлловчиларми билиб қолишган шекилли, ўша фармондан 15% олдиндан тўлов қилиш мумкинлиги тўғрисидаги бандни олиб ташлашибди (ушбу банд 2021 йил 14 сентябрдаги президент фармони билан ўз кучини йўқотган — таҳр.). Агар бу ўзгариш қонун орқали бўлганида эди, ўз урнида бунга қандайдир таъсир кўрсатган бўлардик. Афсуски, бу қонун эмас, президент фармони бўлгани учун биз билмаганмиз», — дея таъкидлаганди Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 20 декабрь куни 1 февралга қадар Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган.

Кўрсатилган муддатда эса Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилиш қайта тикланмади. «Газета.uz»нинг автомобиль саноатидаги манбаси маълумотларига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчи 25 январь куни кузатилган кенг қамровли электр энергиясидаги узилишлардан сўнг, муаммоларга дуч келган. Электр узилишлари газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга олиб келган, бу эса компонентларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тизимли ишига ҳам таъсир кўрсатган.

«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров Ўзбекистонда хорижий автомобиллар импортига қўйилган божхона божи ўта юқори деган фикрга қўшилишини маълум қилганди. Унинг фикрича, божхона тўловини «қайта кўриб чиқиш мумкин».