Импорт автомобиллар учун божхона божи 2 бараварга пасайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев душанба кунги йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда ошиб бораётган ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда камида 160 мингта автомобиль ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди.

Йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича назорат ўрнатиш топширилди.

«Шу билан бирга, аҳолимиз автомобиль бозорида таклифларни кескин ошириш бўйича амалий натижаларни ҳозир кутмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.

Соҳа раҳбарларига 2022 йилда:

  • таннархни камида 5 фоизга камайтириш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш;
  • 23 лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмларни ўзлаштириб, маҳаллийлаштиришни 48 фоиздан 56 фоизга ошириш;
  • 336 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириб, 3 та лойиҳани («Tracker», «Оnix» ва янги двигателлар ишлаб чиқариш) ишга тушириш лозимлиги кўрсатилди.

Ички талабдан келиб чиқиб 2022 йилда 410 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

Йиғилишда бу рақам тармоқдаги мавжуд имкониятларга нисбатан анча камлиги таъкидланди.

Шу боис автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириб, бутловчи қисмлар ҳисобига йиллик экспортни 500 миллион долларга етказиш топшириғи берилди.

Бунда Россия ва Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқлари орқали бутловчи қисмлар сотиш тажрибасини бошқа давлатларда ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Аввалроқ, ушбу йиғилишда давлат раҳбари UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтирилишини маълум қилди. «Ўзавтосаноат»га 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 20 декабрь куни 1 февралга қадар Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган.

Кўрсатилган муддатда эса Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилиш қайта тикланмади. «Газета.uz»нинг автомобиль саноатидаги манбаси маълумотларига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчи 25 январь куни кузатилган кенг қамровли электр энергиясидаги узилишлардан сўнг, муаммоларга дуч келган. Электр узилишлари газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга олиб келган, бу эса компонентларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тизимли ишига ҳам таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» депутат Расул Кушербаев билан айни шу мавзудаги интервьюни эълон қилганди. У олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров Ўзбекистонда хорижий автомобиллар импортига қўйилган божхона божи ўта юқори деган фикрга қўшилишини маълум қилганди. Унинг фикрича, божхона тўловини «қайта кўриб чиқиш мумкин».