18 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Молия вазирлигига давлат улуши мавжуд банкларни комплекс трансформация қилиш ва хусусийлаштириш ва қуйидагиларни таъминлаш буюрилган:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар — «Қишлоқ қурилиш банк» АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO);
  • 2022 йил якунига қадар — Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва «Асакабанк» АТБнинг давлат улушлари савдога чиқариш;
  • 2023 йил 1 июлга қадар — АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ, АТ «Алоқабанк», «Агро банк» АТБ, «Ўзмиллийбанк» АЖларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO).

Президент қарорига мувофиқ, ушбу вазифаларнинг ижросини сифатли ва ўз муддатида таъминлашга тегишли тижорат банкларининг бошқарув раислари шахсан масъул бўлади.

Ўтган йил ноябрь ойининг охирида Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Ўзбекистон банк тизими ҳолатининг шарҳини тақдим этган эди ва уни ривожлантиришнинг истиқболли босқичларини келтирган эди. Унга кўра, долларлашув даражасини пасайтириш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида хедж-фонд ташкил этилмоқда, валюта кредитларини жалб қилишда эса «эҳтиёткорлик сиёсати» олиб борилади. 2025 йилда банк секторидаги ҳукумат улушини амалдаги 82 фоиздан 40 фоизгача камайтириш режалаштирилган.