Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев 26 ноябрь куни МДҲга аъзо давлатларнинг II Халқаро молия-банк форумида мамлакат банк тизими ҳақидаги тақдимотини намойиш қилди. «Газета.uz» ундаги асосий фикрларни келтириб ўтади.

Ўзбекистон банк тизимида 33 та банк, жумладан, 12 та давлат улушига эга, шунингдек, 15 та хусусий ва 5 та хорижий банклар мавжуд. 1 ноябрь ҳолатига кўра, банклар активлари 39 млрд долларни (419 трлн сўм) ташкил этиб, уларнинг 82 фоизи давлат банкларига тегишли. Банкларнинг мажбуриятлари 33 млрд долларга (352,6 трлн сўм) етди, шундан 40 фоизини депозитлар ташкил этади.

Банкларнинг умумий капитали 6,2 млрд доллар (66 трлн сўм) даражасида бўлиб, шундан 81 фоизи давлат банклари капиталига тўғри келади.

«Банкларнинг молиявий барқарорлигига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида риск даражаси юқори бўлган активларнинг ўсиши 21 фоизга — 317 трлн сўмдан 383 трлн сўмга, жами капиталининг ўсиши 14 фоизга — 66 трлн сўмга етди. Капиталнинг етарлилик коэффициенти 1,2 фоизга тушиб, 17,2 фоизни ташкил этди, бу минимал талабларга жавоб беради», — деди Аброрхўжа Турдалиев.

«Шу билан бирга, капитал захираси 1,5 млрд долларни ташкил этади, бу эса соф NPL (муаммоли кредитлар)ни 1,6 баробарга қоплаш ёки кредит портфелининг 5 фоизи миқдорида қўшимча захиралар яратиш имконини беради», — деди у.

1 ноябрь ҳолатига банкларнинг кредит портфелидаги қолдиқ 30 млрд долларга тенг бўлди. 10 ой давомида ўртача 14 фоизга ўсиш кузатилган, жисмоний шахсларга берилган кредитлар ҳажми эса 22 фоизга ошган.

Марказий банк раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг ликвидлик кўрсаткичи «етарли даражада яхши». Хусусан, қисқа муддатли ликвидлик коэффициенти (LCR) 167 фоизга етди, бу энг кам тартибга солинадиган талабдан 67 фоиз пунктга юқоридир. Узоқ муддатли ликвидлик коэффициенти (NSFR) — 113%, банкларнинг умумий активларида юқори ликвидли активларнинг улуши 15% ни ташкил қилади.

«Бу ликвидлик захираси хавфсизликни таъминлаш учун зарур даражада эканлигини кўрсатади», — дея айтиб ўтди у.

Аброрхўжа Турдалиев Ўзбекистон банкларининг рентабеллигига ҳам тўхталди. 1 ноябрь ҳолатига банк секторининг соф фойдаси 364 млн доллар даражасида қайд этилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга кўп ҳисобланади.

Карантин чекловларининг жорий этилиши ва аҳоли даромадларининг пасайиши шароитида Ўзбекистон Марказий банкининг асосий вазифаси макроиқтисодий барқарорликни ва бутун банк тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат бўлди.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар муддатини узайтириш учун шарт-шароит яратди, кредитлар муддатини узайтириш таъсирини нейтраллаш ва ликвид ресурсларни қисқартириш учун банкларни зарур ликвидлик билан таъминлаш мақсадида пул-кредит сиёсатининг қисқа ва узоқ муддатли воситаларини жорий этди.

«Натижада кутилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда, муддатларни узайтириш амалиёти кредитлар бўйича тўлов интизомининг бузилишига ва кредит рискининг ошишига, муаммоли кредитларнинг кўпайишига олиб келди. Бу муаммоли кредитлар ўсишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлганини айтган бўлардим», — деди Аброрхўжа Турдалиев.

Марказий банк раҳбари ўринбосарининг айтишича, NPL (муаммоли кредитлар) йил бошидаги 2,1 фоиздан июль охирига келиб 6,2 фоизга ошган.

Ноябрь ойи бошида муаммоли кредитлар улуши 5,7 фоиз ёки 1,7 млрд долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, юридик шахсларнинг NPL улуши йил бошидан буён ўсишда давом этмоқда.

Бугунги кунда банкларнинг кредит портфелининг долларлашув даражаси 50 фоиз, мажбуриятлар 57 фоиз даражасида бўлиб, бу миллий валюта курсининг сезиларли даражада қадрсизланиши билан банк секторининг валюта риски ва заифлигининг ошишига олиб келади.

Долларлашув даражасини пасайтириш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида хорижий валютадаги кредитларни миллий валютага конвертация қилиш бўйича махсус хедж-фонд ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи рискларни ҳисобга олган ҳолда хориждан сўмдаги узоқ муддатли ресурсларни жалб этиш, шунингдек, хорижий валютадаги ресурсларни жалб қилишда «эҳтиёткорлик сиёсати»ни юритиш кўзда тутилган.

Икки йил ичида Ўзбекистонда учта рақамли банк (TBC Bank, Anor Bank, Apelsin Bank) ва масофавий молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган 32 та финтех-компанияси ташкил этилди.

Тадбиркорлар ўз тўловларининг 85 фоизини масофадан туриб амалга оширадилар (2017 йилдан бери 7 баробарга ўсган). Саккизта банк рақамли идентификация механизмидан (Face ID) фойдаланмоқда, қолганлари эса тестларни якунламоқда.

2025 йилда Ўзбекистон банк тизимидаги хусусий сектор улушини ҳозирги 18 фоиздан 60 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

«Марказий банк назорат юкини енгиллаштириш бўйича ўзининг либерал сиёсатини давом эттириш ниятида, бу тизимнинг молиявий барқарорлигига путур етказмаган ҳолда прогрессив банк секторини шакллантиришга хизмат қилади», — дея қайд этди Марказий банк раҳбари ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистоннинг энг даромадли банклари рўйхати маълум қилинган эди.