18 март куни биржа савдолари натижасида барча тоифадаги шакарнинг ўртача кунлик нархи ўтган кунга нисбатан 15,3 фоизга — 1 кг учун 11 921,9 сўмдан 10 101,3 сўмгача пасайди. Бу ҳақда Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

Тузилган битимлар реестрига кўра, биржадаги сўнгги шартномалар шакар маҳсулотининг бир килограмми учун 9550,65 сўмдан тузилган бўлса-да, 17 март куни лотларда шакарнинг бир килограмми 12620−12700 сўмдан сотилган. Эслатиб ўтамиз, жума куни эрталабки савдо сессиясида шакарнинг бутун ҳажми сотилган.

Охирги савдо кунида жами 2100 тонна шакар сотилди. «Хоразм шакар» корхонаси биржа орқали 1200 тонна, «Ангрен шакар» корхонаси эса 900 тонна шакар сотган.

Шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 267 тага етди ва бу 17 мартга нисбатан 32% га, 1 мартга нисбатан уч маротабага кўпдир.

«Шакарнинг харид қилишда талаб даражасидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимот шаклланмоқда. Нисбатан етакчилик қилган ҳудудларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (30%), Самарқанд вилояти (12%), Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари (10% дан), Андижон ва Бухоро вилоятлари (8% дан) кирди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳар бир лотда бир тоннадан кунига камида 2000 тонна шакарни биржа савдолари орқали сотиш бўйича кўрсатма берган эди. Бундан ташқари, ҳар бир харидорга бир савдо сессиясида барча иштирокчилар учун тенг шароитлар таъминланган ҳолда 20 тоннадан ортиқ бўлмаган миқдорда сотишга рухсат берилади.

Бу маҳсулотларга Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам талаб юқори. Бу давлатлар расмийларига кўра, спекуляциялар ва сунъий равишда юзага келтирилган танқислик натижасида мазкур маҳсулотга бўлган талаб борасида ажиотаж кузатилмоқда.

Шунингдек, Россия шакар ва ғалла экспортини вақтинчалик тақиқлаганди. «Газета.uz» бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Аввалроқ, 16 март куни 140 тонна юк — асосан шакар ортилган юк машиналари карвони Ҳиндистондан Покистон ва Афғонистон орқали Ўзбекистонга йўл олгани хабар қилинди.