Ҳиндистонлик тижоратчи Покистон ва Афғонистон орқали биринчи марта Ўзбекистонга тижорий юк жўнатди. Бу ҳақда Spot The Tribune India нашрига таяниб хабар қилди.

Маълум қилинишича, 16 март куни 140 тонна юк — асосан шакар ортилган юк машиналари карвони Кобулдан Тошкентга йўл олди. Бунгача юк Ҳиндистон Мумбай шаҳридан денгиз орқали Карачига, сўнгра Покистон орқали Торхамга ўтиб, Афғонистон чегарасини кесиб ўтган.

Ушб жўнатма ҳиндистонлик хусусий тадбиркор томонидан ташкил этилган. Покистон ва Ўзбекистон ўртасида яқинда имзоланган икки томонлама транзит савдо шартномасига мувофиқ, тижорат юклари шу ой бошида Покистоннинг Карачи денгиз порти орқали ўтиб, Ўзбекистон импортчисига етказилган, деди покистонлик расмий.

«Ўзбекистонга йўл олган Ҳиндистон тижорий жўнатмалари келишув бўйича хусусий тадбиркорлик фаолияти бўлиб, тўртта давлатнинг ҳеч бирида ҳукумат иштирокисиз амалга оширилди», — деди у.

Кобулда Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукуматининг саноат ва савдо вазирлиги Ҳиндистон товарлари транзитини осонлаштириш мақсадида махсус маросим уюштириб, Афғонистон томони буни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

«Энди бу мунтазам фаолиятга айланади ва Ўзбекистон Покистон денгиз портлари орқали исталган жойдан товарларни олиб кириши мумкин бўлади», деди ўзини ошкор қилмаган покистонлик мулозим.

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳукумати савдо фаолиятини осонлаштириши шарт, чунки Афғонистон каби денгизга чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон ҳам халқаро савдони амалга ошириш учун Покистон портларига кириш ҳуқуқига эга.

Жанубга йўл

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юкларни етказиб беришнинг жанубий йўналиши ишлаб чиқилмоқда — портларга етиб бориш тезроқ ва арзонроқ.

Spot нашрининг ёзишича, 2021 йилнинг ноябрида Ўзбекистондан илк транзит юк Покистонга етиб келган. Покистон томони буни «янги ҳамкорлик даврининг бошланиши» деб таърифлаган.

Кўп ўтмай Покистон Ўзбекистондан юк ташувчилар учун божхона тартибларини соддалаштирди. Жумладан, юк машиналари мамлакатга кириш тўлови бўйича гаров пули тўламасдан кириши мумкин. Бу Гвадар, Карачи ва Қосим портлари орқали кирувчи ва чиқувчи юкларнинг транзитини кенгайтиради.

Бироқ Афғонистондаги вазият масалани мураккаблаштирмоқда. Ўзбекистонлик етказиб берувчиларнинг таъкидлашича, аввал порахўрлик ,"Толибон" келганидан кейин эса инспекторларнинг касбий маҳорати йўқлиги Афғонистон божхонасидан ўтишни қийинлаштирган.

Президент Шавкат Мирзиёев трансафғон темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон учун қўшимча бозорлар пайдо бўлиши, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархининг 60−70 фоизга камайишига имкон яратишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича музокараларни давом эттираётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, «„Толибон“ раҳбарияти ҳам бу лойиҳа амалга ошишига астойдил розилигини билдиряпти».

23 февраль куни бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Қобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Унда Афғонистон орқали ўтаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқишга келишилган. Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.