Россиянинг Smartavia ва iFly авиакомпаниялари Ўзбекистонга парвозларни тўхтатмоқда, деб хабар берди «Ўзавиация» агентлиги компаниялар эълонларига таяниб.

Smartavia авиакомпаниясидан олинган расмий маълумотларга кўра, 7 март кунги Москва — Урганч — Москва рейси бекор қилинган. Smartavia авиакомпанияси халқаро авиақатновларни 19 мартга қадар бекор қилди.

iFly ҳам Ўзбекистон шаҳарларига парвозлар тўхтатилганини маълум қилди. 5 мартдан бошлаб компания мамлакатга барча йўналишлар бўйича барча режали рейсларни номаълум муддатга тўхтатади.

«Ўзавиация» бекор бўлган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулларини қайтариш ёки чипталарини бошқа муддатга қайта бронлаш масалалари юзасидан ушбу чипталарни харид қилган авиакассаларга мурожаат этишларини тавсия қилди. Шунингдек, йўловчиларга парвоз ҳолатини uzcaa.uz сайти бош саҳифасидаги «Ахборот жадвали» орқали текшириш тавсия этилди.

Аввалроқ Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида турли давлатлар ўз ҳаво ҳудудини Россия фуқаро авиацияси учун ёпишни бошлаганди. Февраль ойи охирида Европа Иттифоқининг барча 27 та аъзо-давлати рус самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг «Аэрофлот», S7 Airlines ва Smartavia авиакомпаниялари халқаро рейслар тўхтатилганини маълум қилганди. Улар бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонннинг бир қатор шаҳарларига парвозларни амалга оширар эди.