Айрим ижтимоий тармоқларда Украинадан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга олиб келиш учун ташкил этилаётган махсус авиарейслар учун чипталар сотилаётганлиги тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

«Фуқаролардан шу каби хабарларга ишонмасликларини, махсус авиарейслар [Uzbekistan Airways Польшанинг Катовице шаҳридан] Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бепул ташкил этилаётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда. Транспорт вазирлиги фуқаролардан пуллик парвозлар ҳақидаги хабарларга ишонмасликни сўради.

Вазирликнинг эслатишича, Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Uzbekistan Airways компаниясининг Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар чиққан махсус борти Польшанинг Катовице шаҳридан Тошкентга қараб учиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Бугун яна битта махсус рейс амалга оширилиши режалаштирилган, иккинчи борт аллақачон Тошкентдан учиб кетди.