28 февраль куни Тошкент вақти билан тахминан 17:15 да Польшанинг Катовице шаҳридан «Uzbekistan Airways «АЖ махсус самолёти Украинадан эвакуация қилинган фуқароларимиз билан учиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили хабар берди.


Улар орасида аёллар, болалар, талабалар ва турли соҳалар ходимлари бор.

Айни пайтда «Карчова» назорат-ўтиш пунктида Украинанинг Львов шаҳридан келган Ўзбекистон фуқаролари учун тўпланиш нуқтаси ташкил этилди. Шу муносабат билан, бугун кун давомида юртдошларимизни олиб кетиш учун яна бир махсус самолёт ташкил этилади.


«Дунё» АА маълумотига кўра, иккинчи борт аллақачон Тошкент учиб кетган. У Тошкент вақти билан соат 21:00 да Польшага етиб бориши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси хабарига кўра, ўзбекистонликларни Львовдан чегара постига қадар тезроқ олиб бориш учун 7 та автобус ижарага олинган. Бироқ, ҳануз Львовга Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар ташриф буюрмоқда.