Президент Шавкат Мирзиёев Беруний тумани фаоллари ва раҳбарлар билан мулоқот вақтида масъуллар ишламаётганини танқид қилди. Бу ҳақда Дарё хабар берди.

«Беруний туманида 24 фоиз аҳоли тўқ яшайди. Хатловлар натижасига кўра, 71 фоиз берунийликлар қўшимча даромад топишни хоҳлашларини билдирган. Яна 5 фоизи эса ижтимоий ҳимояга муҳтож. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич. Мана шу сонлар масъулларнинг қанчалик ёмон ишлаганига ишора. Умуман ишламагансизлар, десак ҳам бўлади», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари сектор раҳбарларига Самарқандга ташрифи давомида 10 нафар масъулнинг ишдан олинганини эслатиб ўтган.

«Самарқандда айрим ҳоким ва прокурорларни ишдан олдим. Уларнинг кўзларига қарадим, ҳаммаси мудраб ўтирибди, ишламаган. Агар биз мудрасак, инсонларимиз биздан қачон рози бўлади?», — дея савол билан юзланди у.

Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Шавкат Мирзиёев Самарқандга борганида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун Самарқанд тумани ҳокими (Н.Мавлонов), Нуробод тумани ҳокими (Ф.Заиров), Оқдарё тумани прокурори (Д.Кубаев), Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари ҳамда вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқуловни ишдан олганди.

Уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилиши белгиланганди.

Шунингдек, банкларда коррупция эвазига кредит бериш ҳолатлари кўплиги ҳамда қайтарилмаётган кредитлар ҳажми юқорилиги ҳам таъкидланиб, Миллий банк, Халқ банки ва Асака банкдаги ҳолатлар бўйича жиноий иш очилиши айтилганди. Президент Марказий банкнинг Самарқанд вилояти Бош бошқармаси бошлиғи О.Тўхтаевни ишдан олиш бўйича топшириқ берган эди.