«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти раиси Шавкат Умурзоқов 14 февраль куни машинасозликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевга Uzauto Motors автомобилларини сотиб олиш учун навбатлар пайдо бўлиши сабабларини тушунтирди. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида унинг нутқидан бир парча намойиш этилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, UzAuto Motors 2021 йилда 236,6 мингта автомобиль ишлаб чиқарган, бу 2020 йилга нисбатан 43,4 мингтага (15,5 фоиз) камдир. Ўтган йили жами 71082 та Cobalt (-11%), 31466 та Nexia (52,6%), 51061 та Gentra (+2%), 55068 та Damas (+6,5%), 9915 та Spark (-56,9%) ва 17308 та Labo (+91,8%) ишлаб чиқарилган.

Компания ишлаб чиқаришнинг қисқаришини дунёда яримўтказгичлар етказиб беришдаги узилишлар ва логистика муаммолари билан изоҳлади. Авто ишлаб чиқарувчи 20 декабрь куни Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti учун аризаларни қабул қилишни февраль ойига қадар тўхтатиб қўйди ва «шу вақтгача буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш» ниятида эканини айтди. Аммо белгиланган муддатга келиб, автоишлаб чиқарувчи шартномани узайтира олмади.

Шу билан бирга, 281,8 млн долларлик 28952 та автомобиль хорижга экспорт қилинган. Бу бир йил аввалгига қараганда 10,4 млн долларга кўпроқ.

«Бугунги кунда Lacetti ишлаб чиқаришни 51 минг донадан 80 минг донага кўтардик. Бу ҳам етмаяпти. Бу ерда қийинчилик шундан иборатки, бунинг маҳаллийлаштириш даражаси юқори эмас, Кореядаги [эҳтиёт қисмлар] ишлаб чиқарувчиларининг қуввати эса 30−50 минг автомобилга мослашиб қолган. Ҳозир бунинг ҳам ечимини топдик — ҳамма локализацияни олиб келиб, ишлаб чиқаришни 80 мингга олиб чиқяпмиз», — дея маълум қилди «Ўзавтосаноат» раҳбари.

Uzauto Motors 2021 йилнинг июль ойидаёқ автомобиллар етишмаслиги сабабли «автомобилларни сотиш ва сотиб олишнинг ноқонуний схемалари» юзага келганини хабар қилган эди. Компания маълумотларига кўра, айрим шахслар пул эвазига савдо тизимини четлаб ўтиб, автомобиль олиш учун навбатини бериш билан шуғулланиб келмоқда.

Шавкат Умурзоқов навбатда турган жойни сотиш схемасини батафсил баён қилди. Бугунги кунда автосалонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилни харид қилишда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисобварақ-фактура) берадилар. Дилер нусхасини сақлаб қолади ва харидор автомобилни ўз номига расмийлаштириш учун асл нусхани ЙҲХББга олиб бориши керак. Айнан шу босқичда коррупцион ҳолат юзага келади ва навбат бузилади, дея тушунтирди у.

«Олдинлари ЙҲХББ томонидан қоғоз кўринишида ҳисобварақ-фактура — маълумотнома бериларди, унинг нусхасига Uzauto Motors томонидан шартнома асосида сотиб олган одамнинг фамилияси ёзиб бериларди. Аслига бўлса навбатсиз фуқарога ёзиб берилиб, ЙҲХББга топшириларди. Шу билан навбат бузиларди. Биз буни аниқладик. Шу билан коррупция бўлар эди», — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат» раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Uzauto Motors ҳисоб-фактуралардан фойдаланишдан воз кечиш мақсадида ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграцияни жорий этмоқда.

«Эндиликда шартнома тузилганидан кейин VIN-рақам (автомобилнинг идентификация рақами) автомат равишда базага тушади. Машина чиққанида у ерга маълумотномани олиб бориш шарт бўлмайди. Бу тизим март ойида ишга туширилади. Худо хоҳласа, бу ҳолатларни буткул йўқ қиламиз», — дея маълум қилди Шавкат Умурзоқов.

«Ўзавтосаноат» раиси 2021 йил якунлари бўйича 89 мингта Uzauto Motors автомобилларини сотиб олишга навбатлар вужудга келган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 52 мингта машинагача пасайган.

«Бу кам. Президент 1 майга қадар навбатларни кескин қисқартириш ва барча машиналарни харидорларга етказиб беришни топширганлар», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига уч кун ичида автомашиналар импорти учун божхона тўловларини 2 баробарга камайтириш, автомобиллар нархини 5 фоизга арзонлаштириш, маҳаллийлаштириш даражасини 48 фоиздан 56 фоизгача ошириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини бергани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, президент 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, Uzauto Motors автомобиллари учун олдиндан тўловни 85 фоиздан 50 фоизга камайтириш вазифасини ҳам қўйди. Депутат Расул Кушербоев 15 фоизлик олдиндан тўловнинг ўзи етарли эканини таъкидлади.