UzAuto Motors компания савдо маълумотлар базасини Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясининг янги автомашиналарни рўйхатдан ўтказиш учун маълумотлар базаси билан синхронлаштириш режаларини эълон қилди. Бу янги автомобилларни харид қилиш ва сотишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда.

Лойиҳа Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ҳамда Ахборот-технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда.

Компаниянинг маълум қилишича, пандемия даврида заводлар фаолияти тўлиқ тўхтамаган ҳамда иш ўринларини қисқартирмасдан, энг кам салбий оқибат билан чиқиб кетишга эришилган. Шунга қарамасдан, ишлаб чиқариш ҳажми кескин тушиб кетиб, янги автомобиллар етишмовчилиги кузататилган.

Бу эса «автомобилларни сотиш ҳамда сотиб олишнинг ноқонуний йўлларини» келтириб чиқарди. «Шаффоф савдо тизимининг мавжудлиги ва коррупцияга қарши курашиш бўйича турли хил чора-тадбирларга қарамай, баъзи бир шахслар ўз даромадини чиқариб олиш ҳамда тизимни четлаб ўтишнинг янги методларини топишади», — дейилади хабарда.

Шундай қилиб, яқинда сотув тизими ёрдамида бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20 ва ҳаттоки, 200 та келишув шартномаларининг тузилганлик ҳолатлари аниқланди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу шахслар «юзага келган ҳолатни ўз бизнесига айлантириб, қўйилган навбатини кутишни хоҳламайдиган шахсларга ўз навбатини имтиёзли бериш мақсадида шартномалар тузишади».

Компания юзага келган ҳолат мижозлар норозилигига олиб келганини маълум қилди. Бироқ UzAuto Motors ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мижозларнинг шахсий мурожаатлари ва шикоятларисиз на тезкор чора-тадбирлар кўриш, на жиноий иш бўйича тергов олиб бориш ҳуқуқига эга эмас. Ваҳоланки жорий йилда «шапка»га оид бирорта ҳам шикоят келиб тушмаган.

«Ноқонуний битимлар тузишда қатнашган ҳар бир иштирокчи жиноий жавобгарликка тортилади. Ушбу ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки компаниянинг чақирув маркази хизматига хабар бериш ҳар бир фуқаронинг бурчидир», — дейилади компания баёнотида.

Автомобиль сотиб олиш жараёнида таъмагирлик ёки коррупциянинг бошқа турлари билан тўқнашган мижозлар, хусусан у ёки бу моделдаги автомобиль учун шартноманинг йўқлиги кузатилса, UzAuto Motors компаниясининг 78 141 — 77 -77 ёки Бош прокуратуранинг 10−07 қисқа рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин. Шахсий маълумотлар кафолатланган, дейилади хабарда.