UzAuto Motors компанияси 20 декабрдан 1 февралга қадар бўлган муддатда Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Бу вақтда компания октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида тузилган шартнома мажбуриятларини бажаради.

«Айнан шу мақсадда завод белгиланган муддатда ишлайди. Бу қарорни қабул қилиш биз учун осон бўлмади, аммо ҳозирги шароитда компания аввал берилган буюртмалар бўйича автомобилларни ишлаб чиқаришни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Вақтинчалик янги автомобилга буюртма бера олмаган потенциал харидорларимиздан чин дилдан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ компания ноябрь-декабрь ойларида автомобиль етказиб берилишини кутаётган харидорларга транспорт воситалари 2 ойдан кейин берилишини маълум қилганди.