Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган ҳайдовчи 14 суткага қамалди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, ҳодиса 15 февраль куни рўй берган. ЙПХ ходими Б.Каримов Nexia-3 ҳайдовчисини хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатган, бироқ ҳайдовчи ишорага бўйсунмай, ҳаракатланишда давом этган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи тўхтатилган.

ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчига қоидабузарлиги бўйича тушунтиришлар берилишига қарамасдан, у инспекторларга фаол қаршилик кўрсатиб, атрофдагиларнинг ҳам эътиборини мазкур вазиятга жалб этган. Жараён давомида атрофда бўлган айрим фуқаролар ЙПХ ходимларининг ўз хизмат фаолиятини бажаришига ҳалақит берган.

Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан ўрганиб чиқилган.

Nexia-3 ҳайдовчиси, 1990 йилда туғилган Н.Х.нинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, унга нисбатан 14 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, 1985 йилда туғилган Ф.У. ҳамда 1987 йилда туғилган А.Б.нинг хатти-ҳаракатларида МЖТКнинг 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида (810 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ЙҲХ инспектори фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаяётгани масаласига алоҳида тўхталган эди.

«Эркинликнинг ҳам меъёри бўлади. Эркинлик дегани — қонунни ҳурмат қилиш дегани. Қонунларни кўриб чиқишда, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур», — деган эди давлат раҳбари.

Ўтган йилнинг сентябрида Пскент туманида маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ талабига бўйсунмасдан, уни уриб юбориши оқибатида 30 ёшли сержант Дилмурод Ўрмонов орадан уч кун ўтиб вафот этган эди.