Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ЙҲХ инспектори фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаяётгани масаласига алоҳида тўхталди.

«Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш [ҳолатлари кўпаймоқда], интернетда ҳам чиқиб келаяпти. [Инспекторни] сўкаяпти, ҳақорат қилаяпти. Қонун йўқ. У бечора инспектор нима қилиши керак? Машинани нспекторни] устига ҳайдаганига мисоллар бўлган. Йўқ, бирорта одам, бирорта депутат менга „жаноб президент, буни ўзгартирайлик, адолатсизлик бўлаяпти“ дегани йўқ. Эркинликнинг ҳам меъёри бўлади. Эркинлик дегани — қонунни ҳурмат қилиш дегани. Қонунларни кўриб чиқишда, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Инспектор талабига бўйсунмаслик ҳолатлари ҳақида ОАВларда хабарлар тез-тез пайдо бўлиб туради. Жумладан, ўтган йилнинг сентябрида Пскент туманида маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ талабига бўйсунмасдан, уни уриб юбориши оқибатида 30 ёшли сержант Дилмурод Ўрмонов орадан уч кун ўтиб вафот этган эди.

Бу президент раислигида айнан йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган биринчи йиғилишдир. Давлат раҳбари йиғилишда йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди.