«Газета.uz» Тошкентга трамвай ҳаракатини қайтариш мавзусини ёритишда давом этади. Марказий Осиёдаги энг эски ва энг йирик трамвай тизими 115 йиллик фаолиятдан сўнг 2016 йил 2 май куни ёпилди. Ўтган олти йил ушбу қарорнинг катта хато эканини кўрсатди. Бироқ бу йиллар давомида ҳеч бир амалдор трамвайни қайтариш масаласини кўтариб чиқишга журъат эта олмади. Яқинда Ўзбекистон президенти шундай режалар ҳақида маълум қилди. Бироқ ҳозирча тафсилотлар айтилгани йўқ.

Бир неча кун аввал «Газета.uz» таниқли журналист ва жамоат арбобларининг трамвайнинг қайтиши жаҳон тренди ва жамоат транспортини ривожлантиришнинг ягона оқилона йўли экани таъкидланган фикрларини эълон қилди. Бугун эса асли тошкентлик, жамоат транспорти бўйича энг яхши мутахассислардан бири, айни пайтда «Вести»нинг АҚШдаги (Нью-Йорк) бюросига раҳбарлик қилаётган журналист Валентин Богданов билан суҳбатни эълон қилмоқдамиз. 2016 йилда трамвай ёпилишидан аввалроқ у сайтимиз учун «Бу ерда ҳали ҳам қарияларнинг ўрни бор», 2017 йилда эса «Айрилиш жойида. Тошкентда жамоат транспорти қандай бўлиши керак?» сарлавҳали мақолаларни эълон қилган эди.

— Шахсан сиз учун Тошкент трамвайи нима эди?


Валентин Богданов.

— Муболағасиз, трамвай мен учун қадрдон Тошкентимнинг рамзи эди. Эҳтимол, рамзлардан бири, лекин, албатта, биринчи учликда. Қайсидир маънода тирик мавжудот. Умримнинг Тошкентда ўтган қисмини унинг линияларига яқин жойларда ўтказдим. Трамвай йўллари билан ўралган марказда бу қийин эмас эди.

Трамвайлар ҳақидаги хотираларим болалигимга бориқ тақалади. Мана улардан бири. Беш ёшларда эдим. Отам Олег Павлович Богданов билан бир жойга бораётгандик. Қўлимда «Буратино» лимонади шишаси. Негадир эсимда қолган. «Болалар дунёси» яқинларида вагондан тушамиз. Аниқ эсимда, трамвай икки вагонли эди, эҳтимол 28-маршрут. Трамвай аллақачон йўлга тушди, отам эса оёғимдаги шиппакнинг бир пойи узоқлашиб бораётган трамвайда тушиб қолганини кўрди. Орқа майдончасида. Ичидагиларга кўл силкитамиз, лекин бефойда. Кейингисини кутдик. 28-трамвайга Санъат музейи яқинида етиб олдик, ўша ерда катта чорраҳа бўлиб, вагонлар узоқроқ вақт турарди. Ён томонга йиғиштирилиб очиладиган эшик томонга чопдик (занжирли бу эшикларни ҳамма ҳам эсласа керак). Оволдик.


2016 йил апрель.

Ўн ёшларда эдим. Севимли эрмагим — 13-маршрутнинг иккинчи вагонида туриш ва ишламайдиган кабинага қараш. Бошқарув пультидаги қандайдир чироқчалар, тутқичлар, сирли «СОЛЕНОИДЫ» ёзуви ва, албатта, мен тортиб кўришни жуда хоҳлаган тормоз дастаги бор эди. Ҳиди ҳам, албатта, куюк. Усиз бўлмасди ҳам. КТМ-5ларимиз тез-тез «тутаб турарди"-да.

Трамвай шаҳар билан танишишга ёрдам берарди. Кўп танишларимизнинг олдига фақатгина трамвай орқали бориш мумкин эди. Масалан, биолог олим бўлган отам ўзининг дўсти, таниқли академигимиз Бек Ойбекович Тошмуҳамедовникига мени ҳам бирга меҳмонга олиб бориши мен учун доим саргузашт бўлган. Яқинда буюк ёзувчи Ойбекнинг ўғли бизни тарк этгани мени чуқур қайғуга солди. Бу 13-маршрутнинг деярли охирроғи эди. Собиқ Крупская санаторийси ҳудуди. Ота томондан яна бир таниш, таниқли тошкентлик шоир Николай Николаевич Красилников ҳам ўша чеккаларда яшаган. Биз унинг олдига ҳам трамвайда борардик.

«Салар» станцияси яқинидаги Садовий тор кўчасида ўсган отамнинг ҳикояларига кўра, Тошкент трамвай йўллари тарихи орқали ўз она шаҳрим тарихини ҳам ўрганган эканман. Тахтапул ёки Бешёғочгача кейинчалик олиб ташланган йўл бўлгани, уч вагонли машрутлар «Якшанба» бозоридан ўша Пушкин майдонигача қатнагани, «Челнок»дан ғишт заводларигача борадиган 7-қисқа йўналиш ҳақидаги… Бу жой ҳозирги Олтинтепа кўчаси ҳудуди. Отам ёшлигида Кўкча масжиди ёнида яшаб, у ердан трамвайда ўзи таҳсил олган Тошкент Давлат университетидаги Хиёбонгача боргани ҳақидаги.

5 ва 6-йўналишлар бўлгани ва Қўйлиққа (ўша пайтда у Қўйлиқ қишлоғи эди) бориш учун ҳозирги Ҳамза станцияси яқинидаги йўлни кесиб ўтиш керак бўлгани, чунки қоидаларга кўра, трамвайларга йўловчилари билан темир йўл орқали ўтишга рухсат берилмагани ва ўша вақтда трамвай учун алоҳида кўприк (дарвоқе, ўша кўприк ҳозиргача мавжуд) бўлмагани ҳақидаги. Трамвайлар учун тор ва кенг темир излар бўлгани ва кейинроқ темир излар қайта мослаштирилгани ҳақидаги. Айтганча, 90-йилларда баъзи ноёб участкаларда қолган учта рельсни кўриш мумкин эди. Билмаганлар учун бу сир эди, лекин мен нима учун бундай эканлигини жуда яхши билардим.

Ўспиринлик пайтларида тенгдошларим билан, албатта, трамвай бўйлаб безорилик қилардик. Рельслар устига тошлар, қандайдир нарсалар, карбид қўярдик. Адреналинга тўла эди. Ҳайдовчилардан бир-икки калтак еб олишимиз мумкин эди, аммо тезкор оёқларимиз бизни қутқариб қоларди.

Тошкентга аввалига КТМ-8 русумли янги ранг-баранг вагонлар, кейин эса яшил чех «Татра"ларининг келтирилиши ҳақиқий воқеа бўлди. Улар трамвайнинг тимсолига айланди. Уни фақат фаровонлик кутаётгандек эди. Болалигимдаги Сергелига линия ётқизилади ва Киевдагидек тезюрар трамвай бўлади, деган суҳбатлар эсимда. Мен Киевга болалигимда ташриф буюрганман ва, албатта, бизда ҳам шундай бўлишини орзу қилганман. Ўзи трамвай, лекин метро каби тез.


Трамвай вагонида транспорт ишқибозларидан бири яратган плакат. 2016 йил март.

Аста-секинлик билан Тошкент трамвайи мен учун севимли транспортдан ҳаётимнинг бир қисмига айланди. Севимли хобби. Унинг тарихи, ишларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида менга мавжуд бўлган маълумотларни тўплаш, ушбу транспорт турига қизиққан энтузиастлар билан мулоқот қилишга қизиқа бошладим. Интернет пайдо бўлгач, tr.ru сайтида биринчилардан бўлиб «Тоштрам» билан содир бўлаётган воқеалар ҳақида маълумот бериш ва маълумотларни тўплашни бошладим.

Афсус, унинг учун энг яхши вақтлар эмас эди. 2000-йилларнинг бошлари. Эсимда, болаликдан менга яқин бўлган йўналишларнинг (МУМ, ТошМИ ҳалқаси, «Туркменский») ёпилиши, маршрутларнинг олиб ташланиши, тўғри техник хизмат кўрсатилганида яна ишлай олиши мумкин бўлган барча турдаги ҳаракат таркибларининг кетишини шахсий йўқотиш сифатида қабул қилдим. Масалан, мен учун Тошкент трамвайи билан қаттиқ боғланган Риганинг РВЗ-6 вагонлари. Ёки Россиянинг Челябинск кўчаларида ҳалигача ишлаб келаётган КТМ-5 вагонлари. Тармоқли алоқа бизга, Тошкент трамвайи ишқибозларига (ҳатто «мухлислар» деб атаган бўлардим) кичик, лекин жуда самимий ҳамфикрлар гуруҳини тўплаш имконини бергани яхши бўлди.

Кўплаб ҳамфикрларимиз нафақат севимли машғулот атрофида, балки ҳаётда ҳам ҳақиқий дўстларга айланишди. Исмларни айтмайман, лекин биз ҳаммамиз бир-биримиз ҳақида ҳамма нарсани биламиз. Уларнинг шарофати билан «Тоштрам» фаолиятининг сўнгги йиллари ҳақида кўплаб далиллар сақланиб қолди. Чиройли, ҳатто санъат даражасида туширилган фотосуратлар, хотиралар ҳақидаги ҳикоялар, видео материаллар. Айтганча, уларнинг аксарияти «Газета.uz» томонидан ҳам эълон қилинган.

— Трамвай тизимининг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Трамвайнинг транспорт тури сифатидаги афзалликлари ҳақида минглаб илмий мақолалар, китоблар ёзилган. Элементар бўлиб қолган ҳақиқатларни такрорлашнинг маъноси йўқ. Очиғини айтсам, трамвайнинг темир йўл транспорти сифатидаги афзалликларига транспорт соҳаси билан оз-моз алоқадор бўлган ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аксинча фикрлайдиганлар ҳаваскорлар ва ретроградлардир. Дунёда бу масала «ёпилган». Трамвай замонавий, экологик тоза, тежамкор ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис қилади. Трамвайда юрганингизда, фақат ўзингиз ҳақингизда ўйламайсиз.


Муқимий кўчасидаги трамвай йўли. 2016 йил апрель.

Тошкент трамвайига келадиган бўлсак, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, айтилганлардан ташқари, бир парадоксал нарсага эътибор қаратмоқчиман. Ҳатто биттаси ҳам етарли. Трамвай юрган вақтларда йўлларда тирбандликлар кўп эмас, балки камроқ бўларди. Ҳозиргидек. Нима учун? Нормал транспорт бўлмагани учун кўпчиликнинг шахсий автомобилларга ўтиб кетганидангина эмас. Сўнгги йилларда автобус ҳам «чўкди». Трамвайнинг мавжудлиги, гўё бутун ҳаракатни ташкил қиларди. Ўн қаторли йўллар йўқ эди.

Пиёдалар учун трамвай йўллари Навоий, Руставели, Мирзо Улуғбек ёки Фарғона йўли каби гавжум автомобиль йўлларида табиий хавфсизлик «ороли» вазифасини бажарарди.

Ҳайдовчиларга ҳам осонроқ эди. Бошқа транспорт воситаларидан устунликка эга бўлган трамвай автомобиллар ҳайдовчиларини сезилмас тарзда тартиб-интизомга ўргатарди. Темир йўлнинг мавжудлиги тезлик чегарасини назорат қилишни тақозо этади. Умуман олганда, эътиборлироқ бўлиш керак. Қолаверса, Тошкентда 70-йиллардаёқ деярли барча муҳим жойларда трамвай ажратилган линияларга чиқарилган эди. Ушбу линиялар 90-йилларнинг охирларида ва ундан кейин бирлаштирила бошлагани жуда катта хато эди, биз унинг оқибатларини ҳалигача ҳал қилишга уриниб келяпмиз. Афсуски, бу трамвай мавжудлигининг охирги босқичидаги асосий камчиликларидан бири бўлди.


Чехияда ишлаб чиқарилган паст полли Vario вагони. 2016 йил март.

Иккинчи хато трамвайнинг доимий равишда етарлича молиялаштирилмаганидан иборат эди. 2000-йилларда ва ундан кейин трамвайга қашшоқ қариндош сифатида қаралди. Уни ёпишга журъат эта олишмади, аммо бутун сармоялар арзимаган ҳажмдаги эҳтиёт қисмлар ва янги вагонларни сотиб олишгагина кифоя қилар, бироқ улар ҳам кучсиз таъмирлаш базалари ва омон қолган инфратузилмалар шароитида тезда ишдан чиқарди. Эскирган контакт тармоқларидан тортиб тўлқинсимон темир йўлларгача, кўплаб участкалар 70-, ҳатто 60-йиллардан бери алмаштирилмаган эди.

Трамвай, бу — фақатгина темир излар устида юрадиган транспорт эмас. У ўша темир излар, симлар, танянч нимстанциялар, депо, капитал таъмирлаш ва модернизация бўйича хизмат маркази (Тошкентда ВАРЗ заводи, кейинчалик РЭТ деб номланди) ва энг асосийси — одамлардан ҳам иборат эди. Ўша пайтда транспорт сиёсатини бошқарганлар орасида уларга нисбатан муносабат жуда ёмон эди. Кўпгина мутахассислар ишдан бўшашди, кетишди, ўрнига одам тайёрламасдан ва ҳеч қандай истиқболни кўрмасдан нафақага чиқишди.

— Тошкентда трамвай ёпилиши билан нима ўзгарди?

— Юқорида айтганимдек, Тошкент руҳининг бир қисми уни тарк этди. Шаҳримизга трамвай жуда ярашарди. Бу ерда трамвай инқилобдан олдинроқ пайдо бўлган. Бельгияликлар томонидан қурилган. Бир мисол. Трамвай биз томоша қилиб улғайган барча машҳур ўзбек киноларида акст эттирилган. «Маҳаллада дув-дув шап», «Ошиқлар», «Назокат»… Ҳар бирида вагончалар милт-милт кўзга ташланади, баъзиларида эса бутун бошли саҳналар олинган («Водиллик келин»). Ёдимизда, Ёдгор иккинчи трамвай депосида вагон ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. Эскиси, Ҳадрадаги. Ўша вақтда ҳали янги бўлган Чехиянинг «Татра» Т-3 вагонида у Фарғона водийсидаги олис Водил қишлоғидан келган мафтункор Асални учратади.

Ушбу саҳналар бизнинг авлод ва бироз каттароқ одамлар учун — «пароль ва калит сўзи». Бу трамвайга барча меҳмондўст, кўп миллатли, илиқ ва азиз Тошкентимиз сиғадиганга ўхшайди. Аммо бу ҳиссий томон.

Тошкентда СССР давридаёқ биз фақатгина Москва, Ленинград ва Киев каби йирик марказлардан ортда кейинги ўринда турувчи, тўртинчи йирик трамвай тармоғига эга эдик. Афсуски, бу меросни сақлаб қололмадик, гарчи, албатта, у фақатгина рекорд кўрсаткичлар учун қадрли эмас эди.

Трамвай ҳар доим транспорт алоқасининг башоратлилиги билан синоним бўлиб келган. Рельслар ётқизилган, симлар осилган бўлса, демак, кутсангиз, албатта кетасиз. Ҳатто ярим кечаси ҳам. Ахир бир-иккита вагон навбатчилик маршрутларига чиқарилар эди. Уларни тунги соат учда ҳам, тонгги тўртда ҳам тутиш мумкин эди.


Ярим тунда трамвай бекатидаги одамлар. 2016 йил апрель.

Трамвай вагонлари автобус ва троллейбусларга қараганда кенгроқ эди. Каттароқ масса туфайли уларда юриш хавфсизроқ ва бемалолроқ эди. Трамвай қинғирликлар қила олмас эди. Линияни шунчаки тарк эта олмасди. Эсимда, 13-трамвай йўналиши бутун мамлакат бўйлаб ташишда етакчи бўлган ва, балки, қайсидир муддат охиригача қуриб битказилмаган метронинг Юнусобод йўналишидан ҳам кўпроқ одам ташиган.

— Ўша вақтда трамвайни ёпиш қарорига қандай муносабатда бўлган эдингиз?

— Бу муваффақиятсизлик, фиаско, боши берк кўча бўлишини тушунардим. Бундай қарорнинг вақти эмаслиги ҳақида жар солдим. Бир оз кечиктириб туришга ундадим. Ҳеч бўлмаса тизимнинг Қўйлиқ тармоғи маршрутларини (13 ва 26) Йўл хизматидаги депоси билан сақлаб қолиш кўринишида муқобилларни таклиф қилдим. Шу билан ходимларни ушлаб қолиш мумкин эди. Технологиялар йўқотилмасди. Тизимнинг ўзаги сақлаб қолинарди. Кейинчалик ривожланиш учун уруғлик.

Ўша пайтда менга платформа тақдим этгани учун «Газета.uz»га катта раҳмат («Бу ерда ҳали ҳам қарияларнинг ўрни бор»). Ўша пайтдаги ахборот сиёсати билан бу дадил қарор эди. Афсуски, адашмадим, гарчи, шубҳасиз, менда ҳеч қандай ичиқоралик йўқ, чунки узоқда бўлсам ҳам ўз она шаҳрим ва севимли тошкентликларни қўллаб-қувватлашда давом этаман. Вазият шунчаки ёмонлашмади, балки жуда ҳам ёмонлашди.

Транспорт сиёсатидан озгина бўлсада хабардор бўлганларнинг барчаси айтганидек, трамвай ёпилгани билан уни ҳар турли оғир гуноҳларда айблаган айрим тор фикрли амалдорлар томонидан сунъий равишда трамвайга боғланган муаммоларнинг бирортаси ҳал бўлиб қолмади. Тиқилинч ва тирбандлик кучайди. Кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши оқибатида шусиз ҳам жар остида турган экологик вазият бутун бошли экологик тоза транспорт тизими ёпилиши билан янада ёмонлашди.


2016 йилнинг марти.

Жамоат транспортининг ҳаммабоплиги унда ҳаракатланадиганлар учун янада камайди. Йўналишлар ёпилди, уларнинг ўрни муносиблари билан тўлдирилмади. Шуни айтиш кифояки, трамвай ёпилгунга қадар Тошкентда Чехияда ишлаб чиқарилган 20 та Vario вагонларидан фойдаланилаётган эди. Ҳозир улар Самарқандда ишлашмоқда. Ушбу вагонларнинг барчаси паст полли эди. Улар ҳаракатчанлиги чекланган йўловчилар, қарияларнинг эҳтиёжларига мос тушарди. Уларнинг ўрнига эса асосан Тошкентнинг шаҳар транспорти учун ўзига хос тавқи лаънат ва мэмларга айланган, шаҳар ташувлари учун паст лаёқатли Isuzu автобуслари йўлларга чиқарилди. Қаерда трамвайлар бўлган бўлса, аслини олганда ҳеч нарса йўқ. Трамвай ҳаётининг мазмуни бўлган ўнлаб ўз ишига ишқибоз профессионаллар ҳақида гапирмаяпман. «Газета.uz» бутун бошли «трамвай» оилалари ва сулолалари ҳақида ёзди («Трамвай қўриқчилари»). Нафақат тирикчилик учун, балки чинакамига ва пок виждон билан хизмат қилган бу одамлар бутун умр ишсиз қолишди.

— Трамвайнинг қайтиш эҳтимоли ҳақида қандай фикрдасиз?

— Унинг муқобили йўқ. Кўплаб сабабларга кўра. Шаҳарнинг радиал режалаштирилганлиги ва кўп сонли кенг магистралларнинг мавжудлиги замонавий трамвай тармоғини яратиш (қайта тиклаш) учун жуда мукаммал. Бу ерда асосий нарса — «замонавий». Эрта ё индин Тошкент трамвайи барча мавжуд технологияларни ўзида мужассам этган илғор LRT тизими бўлиши керак. Тўғри ётқизилган йўл, яхши йўлга қўйилган энергия иншоотлари, юқори сифатли ҳаракат таркиби (Москванинг «Витязь-М» каби кўп секцияли тури мақсадга мувофиқ), катта болға ва сўкинишлар билан эмас, балки илғор ечимлар билан созлаш ишлари олиб бориладиган хизмат кўрсатиш маркази.


«Витязь-М». Ишлаб чиқарувчининг сайтидан олинган фотосурат.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон пойтахтида юзага келган ҳалокатли транспорт муаммосини энг тез ва арзонроқ ҳал қилиш учун зарур. Автобуслар машиналар билан бирга тирбандликда қолиб кетмоқда. Ҳайдовчилик маданияти пастлиги сабабли оқимдан жисмонан ажратилмаган махсус йўлаклардан фойдаланишнинг имкони йўқ. Уларга барибир суқилиб киришади ва автомобилларни қўйиб кетишади, бунинг учун жарималар миқдорини кескин ошириш эса қўшимча ижтимоий кескинлик ўчоғини вужудга келтиради, холос. Айнан трамвайгина ҳар икки масалани ҳам ижобий ҳал қила олади.

Метрополитеннинг ҳар дардга даво эмаслиги аниқ. Ер усти метроси, аслида, бир вақтлар трамвай йўли ўтган жойларда қурилмоқда. Яъни, у ерда йўловчи ташиш трамвайга оид, аммо метро инфратузилмасини яратиш (йўл ўтказгичлар, кучли таянч нимстанциялари, моторвагонли ҳаракат таркиб) трамвайга қараганда сезиларли даражада қиммат.

Ер усти кўринишидаги метрони қуриш мумкин бўлмаса, ер остиси учун улкан «Метроқурилиш»ни қайта ташкил этиш талаб қилинади, чунки тажриба ихтисослашмаган ташкилотлар метро қуриш ва уни фойдаланишга топширишдек мураккаб жараёнларни уддалай олмаслигини кўрсатди. Ҳаттоки бир вақтлар Тошкент метрополитенини ўз таркибига қўшиб олган «Ўзбекистон темир йўллари» каби ихтисослашган ташкилотлар ҳам. Ва бу тўғри.

Яъни, трамвай арзонроқ, Тошкентдаги мавжуд йўловчилар оқими ҳажмига кўпроқ мос келади ва муҳими, унинг қурилиши тезроқ амалга оширилади. Оғир метро йўналишларини қуриш учун 3−5-7 йил керак бўлса, трамвайни эса 1,5−2 йилда қуриш мумкин.

— Сизнингча, трамвай биринчи навбатда қайси кўчаларга қайтарилиши керак?

— Бу формат орзу қилиш имконини бергани яхши. Уриниб кўраман. Менимча, трамвай ҳаракатини жонлантириш керак бўлган асосий йўналиш (агар шундай қарор қабул қилинган бўлса) Отчопардан Жанубий вокзал орқали Руставели кўчаси, Юнус Ражабий/Ойбек метро бекати, Шаҳрисабз кўчаси, Навоий кўчаси, Ўрда, Хадрага ва ундан кейин 1-шаҳар касалхонаси собиқ ҳалқаси ҳудудига. Марказий асосий магистраллар бўйлаб ўтадиган ушбу таянч йўналиш бузиб ташланган «пересадка» алоқаларини қайта тиклаш, Тошкент марказида янги тезкор кўча транспортини ташкил этишга имкон беради.

Кейинги босқичларда, агар трамвай яна оммабоп бўлса (ва агар иш тўғри ташкил этилган бўлса, бунга шубҳа қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ), 6-туғруқхонадан 13-линияни эски йўналиш билан ва Шимолий вокзалдан Қўйлиққача бўлган линияни қайта тиклаш ҳақида ўйлаш керак. Шу билан бирга, уни Тошкент ҳалқа автомобиль йўли доирасидан ташқарига чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, «Сувсоз» мавзеси ҳудудигача.

Сўнгра 1-шаҳар касалхонасидан Бешқайрағочга, ундан кейин собиқ 17-маршрут йўли бўйлаб Отчопарга ёки ТҲАЙ бўйлаб Фарҳод бозоридан Жанубий вокзалгача бўлган линия билан боғлаган ҳолда Чилонзоргача бўлган йўналишни тиклаб, трамвай ҳалқа йўлини ёпса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунда трамвай олдида метро билан қамраб олинмаган яна бир ҳудуд — Қорақамиш қолади. У ерга Ўрдадан борадиган трамвай йўлини қайта тиклаш мумкиндир.

Бу ерда ғилдиракни қайта ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ. Тошкент трамвайининг барча йўналишлари (сўнгги йилларда марказдаги ёпилиш вақтида қурилган муросасиз йўналишлардан ташқари) ҳақиқатда жуда яхши режалаштирилган эди ва трамвай ёпилмасдан, одатдагидек модернизация қилинганида эди, улар бўйлаб йўловчиларнинг одатдаги оқимини ушлаб туришда давом этарди.

Қурилиш масаласини қандай ҳал қилиш кераклигини билмайман. Бу ерда маблағларни ким ажратаётганини аниқлаш керак. Аммо Ўзбекистонда, афсуски, ҳозирги вақтда замонавий трамвай тизимини қура оладиган мутахассислар йўқлигини ҳисобга олсак (ходимлар қадрига етишмади, технологиялар ҳам йўқ), эҳтимол, хорижий мутахассисларни таклиф қилиш имкониятини кўриб чиқиш керакдир.

Дунёда трамвай тизимларини «калити билан» услубида топширадиганлар бор. Ҳозир Россияда ҳам шундай тайёр ечимлар пайдо бўлди. Нархлари нуқтаи назаридан, бу Тошкент учун жозибадорроқ бўлиши мумкин, аммо бу ерда яна бир бор ўлчаш мумкин. Янги Тошкент трамвайи намунали бўлиши керак!