Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото. Тошкент трамвай ёпилишидан олдин ва кейин
5 йил олдин Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихи тугади. Трамвай линияларининг ёпилишидан олдин пойтахт қандай кўринишда эди ва бугун уларнинг ўрнида нималар пайдо бўлган – «Газета.uz»нинг махсус фотожамланмасида.
2016 йил 2 май куни Марказий Осиёдаги энг қадимги ва энг йирик енгил рельсли транспорт тизими – Тошкент трамвайлари тарихга айланди. Расмийлар буни транспорт воситаларининг доимий кўпайиб бориши ва трамвай йўналишларининг самарасиз ишлаши билан изоҳлашди.
Трамвайдан олдин ва кейинги Тошкентни кўриш учун фотосуратни ўнгга ва чапга суринг
Шаҳрисабз кўчаси ва Амир Темур хиёбони кесишмасидаги 13-йўналиш.
2017 йилда расмийлар қимматга тушган қарор қабул қилди – Оҳангарон шоссеси бўйлаб эски трамвай йўналиши ўрнида ерусти метро йўналишини қуриш. У 2020 йил 30 августда очилди. Метро йўлининг остидаги майдон ҳали ҳам ободонлаштирилмаган. Ёғингарчилик пайтида у ўтиб бўлмайдиган лойга, ёзда эса чанг манбаига айланади.
Фотосурат олинган пайтида ишламаётган Оҳангарон шоссесидаги 6-трамвай йўналиши ва йўлнинг устидаги ерусти метроси.
Йўлларни кенгайтириш ортидан қувган шаҳарда асфальтланган майдонлар, газ билан ифлосланиш ва тирбандликлар кўпайди. Шинам кўчалар асфальт қопламаларига ва ташландиқ майдонларга айланди. Тирбандликда қолмайдиган “самарасиз” трамвай ўрнини тирбандликда қолаётган автобус эгаллади. Шаҳар йўловчи транспорти билан бир қаторда фавқулодда хизматлар ҳам тирбандликда қолмоқда. Бундан битта хулоса қилиш мумкин: йўлларни кенгайтириш тирбандлик муаммосини ҳал қилмайди.
13-йўналиш трамвайи эски ТошМИда кўприк остига тушяпти, 2011 йил август. Бугунги кунда бу ҳудудда ҳар куни 8 балли тирбандликлар кузатилади.
“Газета.uz” Марказий Осиёдаги энг қадимги ва энг йирик енгил рельсли транспорт тизими ёпилишига беш йил тўлиши муносабати билан «Ко дну» Телеграм каналидан Тошкент трамвайининг таназзулга учраши ҳақида гапириб беришни сўради.
Трамвай тизимининг Тошкентда очилиш санасини биринчи от трамвай йўналиши ишга туширилган 1901 йил деб ҳисоблаш мумкин. 1912 йилда шаҳарда электрли линиялар пайдо бўлди. Вақт ўтиши билан Тошкентнинг трамвай тармоғи Марказий Осиёдаги энг йирик тармоққа айланди ва Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида постсовет ҳудудидаги трамвай тизимларининг энг йирик бешталигига кириб, Москва, Санкт-Петербург ва Киевдан кейин турарди.
Оқтепадаги трамвай ҳалқаси. Бугунги кунда бу жойда йўл ҳаракати қатнашчилари чалкашиб кетадиган мураккаб айрилувчи йўл ва иккита лифтсиз ерусти пиёдалар ўтиш жойи бор.
Тошкент трамвайлари мустақилликни жуда яхши кутиб олди. Йўналиш тармоғи деярли бутун шаҳарни қамраб олди. Трамвай қатнови бўлмаган катта турар жой ҳудудларидан фақат “Қорасув” ва Сергели тумани қолган эди. Трамвай Сергели учун бугунги ерусти метросига қараганда арзонроққа тушиши ва ҳудуднинг транспорт билан қамрови кенгроқ бўлишини таъминлаши мумкин эди.
Оқтепадаги трамвай ҳалқаси.
1991 йилда шаҳарда трамвайларни таъмирлаш заводи ва учта трамвай депоси ишларди. Бундан ташқари, “Ватан” ресторани ёнидаги Чилонзор туманидаги парк 1987 йилда Хадра марказидаги депони Чилонзорга кўчириш учун қурилган эди.
Лутфий кўчасидаги оммабоп 9-йўналиш.
1990 йилларда Тошкент трамвайининг ривожланиши жуда ҳайратланарли эди. Ўша пайтда собиқ Совет Иттифоқининг бошқа бирор бир шаҳри трамвай паркининг бу каби кенг кўламли ва замонавий янгиланиши билан мақтана олмас эди.
реклама
реклама
1993 йилда Россиядан 46 та “КТМ-8К” вагонлари сотиб олинди. Айтиш керакки, улар муваффақиятсиз бўлиб чиқди ва ишга туширилганининг биринчи ўн йиллигидаёқ уларнинг аксарияти ҳисобдан чиқарилди. 1996 йилда Тошкент олтита “КТМ-8КМ” вагонини сотиб олди – бу аввалги моделнинг модернизация қилинган ва бироз муваффақиятли версияси.
Театр бекатидаги 9-йўналиш, 2011 йил январь. Ҳозир бу ерда 12 қаторли йўл бор.
1994 йилдан 1998 йилгача пойтахтга Чехиядан 90 та “Татра Т6” вагони етказиб берилди. Трамвай парки 30 фоизга янгиланди. Вагонларнинг ўртача ишлаш муддатини ҳисобга олган ҳолда, бу жуда кўп.
13-йўналиш 3110-трамвайи эски ТошМИ йўл ўтказгичига яқинлашяпти, 2014 йил 6 ноябрь. Ҳозир бу ерда пиёдалар йўлаги йўқ, ҳар томонга тўртта қаторли йўл ва ҳар куни содир бўладиган тирбандликлар, уларда автобуслар, тез ёрдам машиналари ва ЙПХ туриб қолади.
1990 йилларда Тошкент атиги иккита магистрал линияларни тугатди. Улардан бири “Ўзбекистон” метро йўналишининг Беруний бекатидан Чорсу бекатигача бўлган қисмини такрорларди.
Чорсу майдонидаги трамвай.
Шунингдек, Пушкин кўчаси бўйлаб (бугунги Мустақиллик шоҳ кўчаси) Шастри чорраҳасидан (Паркент ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмаси) “Старт” стадионигача бўлган линия ёпилди. Ушбу ғалати қарор шаҳарнинг шимолий ва шарқий қисмлари ўртасидаги магистрал алоқани узди.
12-йўналиш трамвайи Беруний метросидаги бекатдан жўнаяпти, 2011 йил октябрь.
2000 йилларнинг бошларида Тошкентда 520 га яқин вагон бўлган. Шулардан 350 га яқини ишга яроқли эди. 1999 йилда пойтахт яна 100 та «Татра Т6» вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Аммо бу амалга оширилмади, шунинг учун 2000 йилни Тошкент трамвайи тарихи тугашининг бошланиши сифатида кўриб чиқиш мумкин.
2012 йилнинг ёзида Шимолий вокзал ҳалқасидаги трамвайлар. Ҳозир бу жойда “Макро” супермаркети жойлашган.
Умуман олганда, мамлакат электр транспортидан кўра автотранспортни ривожлантиришни афзал кўрди. Қарши ва Навоийда янги ва деярли очишга тайёр троллейбус тизимлари ишга туширилмади, троллейбусларни сотиб олиш бекор қилинди ва Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги троллейбус заводи қурилиши тўхтатилди.
25-йўналишнинг охирги иш куни, 2011 йил январь.
2001 йилда шаҳардаги 1-сонли трамвай депоси ва 1-сонли троллейбус депоси ёпилади. Марказда трамвайни тугатиш даври бошланади. Янги йўналишларни қуриш ҳақида сўз юритилмайди, янги вагонлар сотиб олинмайди, таъмирлашни молиялаштириш кескин қисқартирилади. Тез орада 1-сонли трамвай парки ёпилгандан сўнг, кўпчилик вагонларнинг кўп қисми жўнатилган трамвай таъмирлаш заводи ҳам ёпилади. Вагонларни оммавий равишда ҳисобдан чиқариш бошланади.
27-йўналиш трамвайи бузилган вагон билан депо томон ҳаракатланяпти, Миробод бозори чорраҳаси, 2009 йил август.
2000 йилларнинг биринчи беш йиллигида молиялаштиришнинг кескин қисқартирилиши сабабли кўплаб йўналишлар ёпилади. Масалан, Марказий универмаг, эски ТошМИ ва Туркман бозоридаги ҳалқа бузиб ташланди. Бугун уларнинг ўрнида табиийки автобусларнинг сўнгги бекати, кичик яшил ҳудуд ва “Корзинка” супермаркети, вазирлик ва Миробод кўчаси ўртасида машиналар тўхташ жойи бор. Трамвай ҳаракати катта миқдордаги ҳисобдан чиқарилаётган вагонларнинг етишмаслиги туфайли норентабел бўлиб қолади.
26-йўналиш трамвайи Шимолий вокзал темир йўл кўприги остидан чиқиб келмоқда.
Натижада, трамвай 2007 йилда жуда ночор аҳволга келиб қолади. Шу билан бирга, баъзи асосий магистраллар сақланиб қолинади, бироқ ишламайди (масалан, “Ўзбексельмаш” заводи ва Юнусободга, марказдан Қорақамишгача). Осиё кўчасидаги магистрал линияларда ва Чкалова метро бекатига борадиган линияда оз сонли вагонлар катта интервал билан ҳаракатланади.
Тўқимачилик ҳалқасида бузилган трамвай. Ҳозир бу ерда Бобур кўчасигача тирбандликларни келтириб чиқарадиган кўприк бор.
2007 йилда 30 та “КТМ-19” русумли вагонларнинг сотиб олиниши ва янги йўналишларни очиш ҳамда Юнусобод йўналишини реконструкция қилишнинг режалаштирилиши трамвайга иккинчи ҳаёт бағишлангандек эди. Бироқ, 2008 йил баҳорида Паркент бозори яқинидаги трамвай йўналишининг кичик қисми тугатилади. Бунинг натижасида “Роҳат” ва “Чкалова” метро бекатигача бўлган оммабоп тармоқнинг бутун бир қисми тугатилади. Ҳозир уларнинг ўрнида метро линиясининг ҳалқаси жойлашган.
25-йўналишнинг сўнгги иш куни. “Универсам” бекати. Ер ости ўтиш жойлари махсус трамвай учун қурилган. 2011 йил январь.
Ушбу қарордан сўнг, беқарор мувозанат 2011 йил қишгача сақланиб қолинади. Бу вақтга келиб, шаҳарда бор-йўғи еттита трамвай йўналиши ҳаракатланади.
Чорсу меҳмонхонаси яқинидаги 8-йўналиш трамвайи, 2010 йил январь.
2007 йилда амалдаги йўналишлар рўйхати (очиш)
№8 (Трамвайларни таъмирлаш заводи – “Бешқайрағоч” маҳалласи). Линияда 16 та вагон. Ҳаракат оралиғи 10-12 минут.

№ 9 (Чилонзор, 26-квартал – Куйлюк-6). Ўша пайтдаги энг узун йўналиш. 19 та вагон. Ҳаракат оралиғи 8-10 минут.

№ 12 (“Беруний” метро бекати – Ибн Сино мавзеси). Метрогача ташиш йўналиши. Линияда 3-4 та вагон. Ҳаракат оралиғи 15-17 минут.

№ 13 (ТТЗ – Қўйлиқ). Линияда 27 та вагон. Ҳаракат оралиғи 5-8 минут.

№17 (“Бешқайрағоч” маҳалласи – Ипподром). Линияда 16 та вагон. Ҳаракат оралиғи 8 минут.

№ 25 (Шимолий вокзал – “Зенит” заводи). Линияда 11-12 та вагон. Ҳаракат оралиғи 12-15 минут.

№ 27 (Шимолий вокзал – Беруний метро бекати). Линияда 10-12 та вагон. Ҳаракат оралиғи 12-15 минут.
9-йўналиш трамвайи энг оммабоп бекатлардан бирида – Миробод бозори, 2011 йил январь. Ҳозир кўчанинг ярмини автотураргоҳ эгаллаган.
2011 йил қишда шаҳар марказида трамвай линияларининг оммавий тугатилиши кузатилади. Трамвай қатнови фақат чекка ҳудудларда қолади. Ушбу йўналишларнинг бирлаштирувчи бўғинлари Кичик ҳалқа йўли, Самарқанд Дарвоза кўчаси ва Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб янги қурилган йўналишлар эди.
Шаҳрисабз кўчасидаги Ucellнинг бўлажак офиси олдида 8-йўналиш трамвайи, 2009 йил 25 июнь.
Роҳатдаги трамвай “тупини” тиклаш бўйича режалаштирилган тўртинчи йўналиш шундайлигича қурилмай қолади. Биргина Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси бўйлаб юрадиган магистрал йўналиш 13-трамвай сақланиб қолинади.
8-йўналиш трамвайи ва линиянинг Навоий кўчаси бўйлаб йўналишлари, 2010 йил 1 январь.
Шу билан бирга, шаҳар 20 та замонавий пастполли Vario LF трамвайларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолайди. 2014 йилда Тошкентда 90 га яқин турли русумдаги трамвай вагонлари бор эди.
Гулсанам кўчасидаги 13-йўналиш трамвайи, 2013 йил ёз.
2015 йил ёзида 3-сонли трамвай депоси тугатилади ва 13-йўналишнинг Шимолий вокзалдан ТТЗга қадар бўлган қисми ёпилади. Шаҳарнинг сўнгги чинакам трамвай йўналиши йўқолади. Ташилган йўловчилар сони ва вагонларни йўлга чиқариш бўйича шаҳарнинг барча автобус йўналишлари бу йўналишга етишолмас эди.
3205-сонли вагон “Сиёсатшунослик институти” (ЖИДУ) бекатида. ТТЗ ва Шимолий вокзал ўртасидаги ҳудуднинг қисқаришидан олдин 13-йўналишнинг охирги иш куни, 2015 йил 31 июль.
2016 йил баҳорида Тошкент трамвайининг бир ой ичида тўлиқ ёпилиши эълон қилинади. Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов ушбу қарорни автотранспорт воситалари сонининг кўпайиши, кўча тармоғи узунлигинг етарлича бўлмаганлиги ва трамвай йўналишларининг самарасиз ишлаши билан изоҳлайди.
ТТЗ ва Шимолий вокзал ўртасидаги ҳудуднинг қисқаришидан олдин 13-йўналишнинг охирги иш куни. ТТЗ ҳалқасидаги 3202 вагони. Ҳозир бинолар ва чиқиндиларни йиғиш пункти орқасида бозор бор.
2016 йил 2 май куни Тошкент трамвайи тарихга айланади.
Сайхун кўчасидаги 13-йўналиш трамвайи, 2012 йил 27 октябрь.
13-йўналиш 3109 трамвай Гуруч бозори олдидаги трамвай кўпригига кўтариляпти, 2014 йил апрель.
реклама
реклама
9-йўналиш трамвайи Муқимий кўчасига буриляпти, 2011 йил январь. Илгари йўлни ер устидан кесиб ўтиш мумкин эди.
Тошкент темир йўллар техникаси музейи ва сув босими вокзал минораси олдидаги 13-йўналиш 3202 трамвайи,
2014 йил 11 июль.
“Шимолий вокзал” автобусларининг сўнгги бекатида 9-йўналиш 2002 ва 2003 сонли вагонлари, 2012 йил 27 октябрь.
9-йўналиш трамвайи Ҳамза метро бекатига яқинлашяпти. Ҳозир бутун Муқимий кўчасининг марказида бўлиб турувчи панжаралар мавжуд, расмийлар уни 2017 йилда хавфли деб таъкидлаган, лекин ҳозиргача демонтаж қилинмаган.
Трамвай учбурчаги ва 6-туғруқхона олдидаги 25-йўналиш вагони, 2011 йил январь.
Шота Руставели кўчасидаги 9-йўналиш Глинка кўчасига қараб бормоқда, 2009 йил август.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин, Сабина Бакаева / «Газета.uz»,
«Ко дну» телеграм канали.

Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Резюмеингизни job@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

  1. 0 0

    2992

    4 май, 11:42

    Juda zor bu maqolani oqib korib rosti mazza qildim ayniqsa suratlar yowlik davrlarni eslatdi
    Muallifga raxmat.

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг