«Газета.uz» ушбу материални президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентга трамвай қайтиши режалаштирилаётгани ҳақидаги баёнотидан аввал тайёрлаган эди. Бундай баёнот берилиши ҳақида олдиндан ҳеч нарса айтилмаган.

19 январь куни пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда трамвайни қайтариш ҳақида сўз боргани йўқ (расмий хабарга кўра). Тақдимотда давлат раҳбари тайёрланган жамоат транспортини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини «кенг жамоатчилик муҳокамаси» билан қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Аммо 2 февраль куни президент ушбу концепцияни тасдиқлади. Ушбу концепцияда ҳам «трамвай» сўзи ҳеч қаерда учрамайди.

Худди шу куни, 2 февралда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2022 йил давомида шаҳардаги 140 та гавжум чорраҳанинг «ўтказувчанлик қобилиятини ошириш» тўғрисидаги қарорни имзолади. Гап ташилаётган одамлар сони эмас, балки автомобиллар сони бўйича ўтказувчанлик қобилияти ҳақида бормоқда. Ҳужжатда жамоат транспортининг устувор ҳаракатланиши учун чорраҳаларни қайта қуриш (бу, дарвоқе, концепцияда назарда тутилган) ёки трамвайни қайтариш ҳақида ҳам айтилмаган.

Ҳозирча трамвай линияларини лойиҳалаштириш ва қуришнинг қачон бошланиши, қанча вақт давом этиши, халқаро тендер ўтказиладими, магистрал кўчаларга трамвайлар қайтадими, у қаерда бўлган ва қаерга керак ёки ҳукумат шаҳар атрофидаги йўналишлар билан чекланадими — ҳозирча номаълум. Тошкент ҳозиргача асосан автомобиллар фойдасига қулайликлар яратишга интилмоқда. Пойтахт ҳақида ёзаётган, қадрдон она шаҳри учун чин қалбдан қайғураётган журналист ва жамоат арбобларининг фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.


22 январь куни журналист Хайрулла Нуриддинов «Ўзбекистон 24» телеканалининг янги «Менимча» кўрсатувида Тошкентга трамвай қатновини қайтариш ҳақидаги мулоҳазаларини билдирган эди. У аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун ушбу турдаги жамоат транспортини қайтариш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент трамвайи фаолиятининг сўнгги ойларида «Газета.uz» ушбу қарорнинг нотўғрилиги ва шошқалоқлик билан қабул қилинаётгани ҳақида бир неча бор бонг урган эди. Расмийлар трамвайни самарасиз деб атади ва кўчаларни кенгайтириш, янги чорраҳалар ва метро линияларини қуриш орқали транспорт муаммоларини (кўчаларнинг тўлиб-тошиши ва тирбандликларнинг вужудга келишини) ҳал қилишни режалаштирганди.

«Агар бундан 10 йил аввал шаҳарда 220−230 мингта шахсий, ташкилотларда 30−35 мингта автомобиль бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткичлар мос равишда 340−345 минг ва 70 мингга яқинни ташкил этмоқда», — дея маълум қилди 2016 йил 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида пойтахтнинг ўша пайтдаги ҳокими Раҳмонбек Усмонов. У пойтахтда трамвай бутунлай ёпилганини эълон қилди.

Орадан қарийб олти йил ўтиб, расмийлар шаҳарда автомобиллар сони йилига 15 фоизга ўсиб бораётганини ва кунига 800 минггача автомобиль пойтахт бўйлаб ҳаракатланишини айтишди. Бу ҳақда президентга юқорида тилга олинган Тошкентда жамоат транспортини ривожлантиришнинг янги концепцияси тақдимотида маълум қилинди.

Трамвайни ёпишга ёпиб, шаҳар аҳолисига муқобил йўл тақдим этишмади. Кенг вагонлар ўрнига ноқулай «Исузу» автобуслари қўйилди. 2017 йилдаги ҳукумат қарори билан 2019 йилгача 865 та, жумладан, 350 та йирик ва 515 та ўрта автобуслар харид қилиш режалаштирилди. Бироқ «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Молия вазирлиги атиги 130 та катта сиғимли, 80 та ўрта ва 220 та кичик сиғимли автобус сотиб олишга рухсат берган. 2020 йилда шаҳар бирорта ҳам машина олмади, 2021 йилда эса 21 та ўрта сиғимли автобуслар келтирилди. Тезкор автобусни (BRT) ривожлантириш режалари ҳам амалга ошмай қолди.

2016 йилда машинистлар, кондукторлар, йўловчилар ва фаоллар трамвайнинг йўқ қилинишига қарши чиқишди. Улар автобусларнинг кам юриши ва кўпинча уларни кутиб қолишга тўғри келишини таъкидлаб, шаҳар тирбандлигида қолиб кетишидан огоҳлантирдилар. Ўтган йиллар тажрибаси буни исботлаб берди. «Газета.uz» шаҳардаги трамвайлар мавзусини кўп маротаба кўтарган, бироқ расмий даражада бу мавзу табу (тақиқланган — тарж.) эди. У бирор марта ҳам пойтахт ва мамлакат раҳбарларининг нутқларида кўтарилмади. Расмийлар ушбу транспорт тури ҳақидаги саволларимизга жавоб беришдан бош тортишди. Барча концепция ва режалар трамвай мавзусини айланиб ўтди.

Энди эса катта эҳтимол билан вазият ўзгаради — замонавий, самарали ва экологик тоза транспорт тури сифатида трамвай ҳақида гапириш бошланади. Расмийлар, маҳаллий ва хорижий экспертлар ўз фикрларини эркин билдиришга тушади. «Газета.uz» ҳам бу масалани мутахассислар ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ёритишда давом этади.

Бахтиёр Насимов

Бувим Тўрахонова Турғунбу 1887 йилда туғилганлар. Унинг дастлабки вақтларда трамвайга оёқ кийимларини ечиб киришгани — транспорт қанчалар ҳурмат қилингани ҳақидаги ҳикояларини эслайман. Ҳатто бир қариндошимиз бекатда калишини қолдириб кетган экан.

Трамвайни ўриндиқлари ёғочдан қилинган, тепасидаги тутқичлари тебраниб турадиган замонлардан бери биламан. Биз темир изларига тангалар қўярдик, устидан ўтган машина уларни пачоқлаб ташларди.


Фото: Бахтиёр Насимов.

1981 йилнинг кеч кузида армиядан қайтдим. Кундузи ТАПОиЧда механик бўлиб ишлаб, кечки пайт Тошкент Давлат университетида журналистликка ўқиганман. Университетдан «Болалар дунёси»га, у ердан 25 ёки 28-сонли трамвайда Универсамга борардим. Курткача сотиб олганимни эслайман, 29 рублга калтасини. Қишда шунақасида турасиз, у томондан эса ўриндиқлари остида электр печлари бўлган трамвай яқинлашиб келмоқда. Фақатгина шу илиқ сафарлар учун ҳам трамвайга ҳайкал қўйса арзийди.

Трамвай ҳар қандай об-ҳавога яроқлилиги билан ҳам бетакрор эди. Автобуслар яхвонликдан автопаркларга яширинганида, камдан-кам учрайдиган такси ҳайдовчилари Тошкент-Нью-Йорк авиачиптаси нархини ундирганда, трамвай — ёруғ, иссиқ ва тўхтовсиз — сизни шаҳарнинг бир чеккасидан бошқасига уч тийинга элтиб қўяди.

Шарқий блок мамлакатлари нафақат электроника, балки транспорт соҳасида ҳам технологик жиҳатдан орқада қолишди. Совет автомобиллари ва Ғарб автомобилларини солиштиринг. Тахминан бир хил нарса, умуман, шаҳар транспортида, хусусан, трамвайда ҳам ортда қолди. Чехия трамвайлари сотиб олинаётганда, трамвайлар паст полли, шовқинсиз ва қулай бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Ўқувчиларнинг кўпчилиги Истанбул, Лион ёки Женевада трамвайларни кўришган. Ахир бу космос.

Трамвай ёпилгани билан яхшиланиб қолмади. Тирбандликлар камаймади, аксинча кўпайди. Ўтган қишда, автомобиль транспорти, ҳатто таксилар ҳам кўчалардан ғойиб бўлганда, ҳамма метрога ўзини урди. Шунда кўпчилик яхши сўз билан трамвайни эсга олди. Яхвонликдан қўрқмайдиган, иссиқ ва йўловчиларга тупурганча маршрутини ўзгартириб кетавермайдиган трамвайни.

Илгари одамлар ишга ва ўқишга битта трамвайда олиб келинган бўлса, ҳозир йўлларда уймалашиб, тўдалашиб турган 70 та машинадан 69 тасининг ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини билиш бўйича оддий имтиҳондан ҳам ўтолмайди.

2016 йилнинг баҳорида Facebook-саҳифамда ва ўз сайтимда «Тошкент трамвайига тегманг» акциясини ўтказдим. Кампанияга ҳавола Википедиада Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳақидаги мақола остида турибди. Кампания Полина Симоняк логотипи билан ўтди.


Фото: Бахтиёр Насимов.

Кўпчилик ўқувчилар Ўзбекистондан ташқарига чиқишга муваффақ бўлиб, хорижий трамвайларни кўришгандир. Бугунги кунда сайёрамизнинг илғор давлатларининг энг йирик шаҳарларида трамвайлар бор. Истанбул, Женева, Париж, Лондон, Пекин, Хьюстон, Мельбурн, Осло, Торонто ва бошқа тўрт юзта шаҳарда трамвайлар миллиардлаб йўловчиларни ташийди. Фақат Африканинг заиф ривожланган давлатлари ва Тошкент ундан воз кечди.

Шу билан бирга, 2016 йилда улар трамвайни эскирган транспорт тури деб атаб, очиқ-ойдин ёлғонга мурожаат қилишди. Тўғри, кейинчалик Самарқандда рухсат берилганида, уларнинг ўзи худди шу трамвай вагонларини «экологик тоза ва илғор» транспорт тури деб аташди.

Қанчалик кичик, ўрта, қалин, юпқа ва бошқа ҳалқа йўллари қурилган бўлмасин, Марказий Осиёда, Коинотда ва ҳатто бутун Урюпинскда қандай ягона транспорт боғламаларини ўйлаб топишмасин, троллейбуслар вайрон бўлганидан кейин, бир асрлик трамвай ва ўлаётган метро билан шаҳар тирбандликларда бўғилиб, пиёдаларни йўлаклардан, майдонлардан, кўчалардан, ҳовлилардан ва ҳаётдан сиқиб чиқаришга маҳкум.

2016 йил 21 апрель куни эрталаб соат 9:30 да миллион долларга сотиб олинган чех вагонида охирги марта ишга келиб, соат 20:48 да эски КТМ-5да қайтдим. Мен учун Тошкент трамвайининг даври шу билан тугади. 9-трамвайда қилган охирги сафар чиптасини сақлаб қўйганман.


Фото: Бахтиёр Насимов.

Иншааллоҳ, шаҳарнинг доно ҳукумати трамвайни Тошкентга қайтаришларини кўраман. Трамвай қайтиб келади, лекин от тортадиган эмас ва танк ярмига бўлинган эски темир-терсак уюми эмас. Лион, Берлин, Истанбул ва бошқа қолоқ шаҳарлардаги каби паст полли, шовқинсиз, нафис бўлади. Ва ҳеч кимга шаҳар марказига киришга рухсат этилмайди. Фақат трамвайларга.

Евгений Скляревский

Барча кексалар сингари, менинг ҳам трамвай билан боғлиқ жуда кўп хотираларим бор, чунки у бир вақтлар шаҳарнинг асосий транспорти эди. «Тошкент ҳақида мактублар» сайтида «трамвай» сарлавҳаси остида бу ҳақда кўплаб материаллар жойлаштирилган.

Болалигимда ота-онам билан ёғоч ўриндиқли, эшиклари тамбур билан салондан ажратилган вагонларга чиқардик. Аста-секин улар юмшоқ ўриндиқли ва тамбурсиз умумий салонга эга моделлар билан алмаштирилди. Романтика ва эртакнамо нимадир ўтиб кетди.

1965 йилда Тошкент харитасини кўриб чиққандим, унда режалаштирилаётган «Высоковольтный»даги 13-йўналиш акс эттирилган эди . Бу ҳайратимни уйғотганди: шунча трамвайлар!


13-трамвай Гулсанам кўчаси бўйлаб бормоқда. Фото: «Ко_дну» Telegram канали.

Трамвайнинг афзалликлари яққол кўринади. У тутамайди, бир талай одамларни (айниқса, уч вагонли таркиблар) ташийди ва тежамкорроқ, чунки пўлатнинг пўлатга ишқаланиши резинанинг асфальтга ишқаланиши билан солиштирганда деярли энергия сарфламайди. Бундан ташқари, тор маҳалла кўчалари бўйлаб ҳам рельслар ётқизиш мумкин. Камчиликлар орасида, эҳтимол, трамвайнинг рельслар ва электр энергиясига қарамлигини айтиш мумкиндир.

Трамвайсиз шаҳар — катта қишлоқ, ҳатто метроси бўлган тақдирда ҳам. Автотранспорт кўплигидан одамлар шунчаки ёввойилашиб кетишади. Мен Тошкентда, дунёнинг кўплаб шаҳарларида бўлгани каби, шовқинсиз, жадвал бўйича ва пухта ўйланган қулай йўналишлар бўйлаб ҳаракатланадиган трамвай бўлишини хоҳлардим.

Бир бир аср давомида барпо этилган тузилмани бир неча йилда қайта тиклаш мумкинлигига шубҳам бор. Трамвай нафақат рельслар, шпаллар, симлар, балки йўқолган техник маданият қатлами ҳам. Охирги йилларда ётқизилган рельслар эгри-бугри ўрнатилган, трамвайлар тез-тез улардан чиқиб кетаётганди.

Бугун инфратузилмани қурадиган деярли ҳеч ким йўқ, бошқа мамлакатлардан мутахассисларни таклиф қилишдан бошқа чора йўқ. Диспетчерлик ва техник хизмат кўрсатиш жуда қийин кўринади. Уни сотиб олиб бўлмайди, уни йиллар давомида яратиш керак.

Трамвайнинг ёпилишига сабаб, менимча, электр станцияларининг ҳаддан ташқари юкланиши бўлган. Трамвай қайта тикланса, ГЭС қувватини ошириш ёки янгиларини қуриш керак бўлади. Бу газ истеъмоли билан ҳам боғлиқ. Трамвайлар қанча истеъмол қилганини ва у реабилитация қилинган тақдирда қанча бўлишини яхшилаб кўриб чиқиш керак бўлади.

Трамвайлар тугатилаётган вақтда жамоат транспорти зарарига автомобиллаштиришга гаров боғланган. Буни орқага қайтариш керак. Жамоат транспортини машинага қараганда тезроқ, қулайроқ ва арзонроқ қилиш лозим. Бу қийин ва экспертиза, транспортни ривожлантиришнинг тўғри концепциясини талаб қилади.

Никита Макаренко

Менда трамвай ҳақида ҳеч қандай илиқ хотиралар қолмаган. Чунки Тошкент трамвайининг сўнгги кўринишида ҳеч қандай маъно йўқ эди, у замонавий, ҳаммабоп, қулай жамоат транспорти эмас эди.

Ундаги ягона яхши нарса шаҳар лойиҳачилари томонидан олдиндан режалаштирилган жой бор эди, ана шу ер янги рельсларни жойлаштириш ва замонавий паст қаватли трамвай қатновини йўлга қўйишга арзийди. Дунёнинг кўплаб шаҳарларида бундай жой йўқ. Шу иккита қўшимча йўлаклар йўқ. Улар лойиҳачиларимиз томонидан олдиндан ўйлаб қўйилган эди.


Тошкент трамвайининг ҳеч қандай афзалликлари йўқ эди. У тўлиқ камчиликлардан иборат эди. У секин ва ноқулай эди. Метро ва автобус билан ҳеч қандай зарур алоқалар йўқ эди. Ҳаракатланувчи таркиб йўқ ҳисоби эди. Рельслар даҳшатли ҳолатда эди. Уларни замонавий паст қаватли трамвай учун ишлатиш имконсиз эмас эди.

Тошкент трамвайининг ёпилиши билан ҳеч нарса ўзгармади — бу Тошкент жамоат транспорти тизимининг умумий таназзулидаги мантиқий эпизод, холос. Мен трамвайнинг ёпилишига ёмон муносабатда бўлдим, чунки уни ёпмаслик керак эди.

Энг катта жиноят — трамвайни ёпиш эмас. Ҳа, албатта, трамвайни яхши кўрган кадрлардан қутулганлари ачинарли. Лекин энг катта муаммо шундаки, шаҳарсозлик мутахассислари томонидан трамвай учун режалаштирилган майдонлар асфальтлар остига кўмиб ташланди. Шаҳарга масъул мутасаддиларимиз, одамларнинг замонавий трамвай қадрини тушуниб етмаётгани ачинарли.

Трамвайнинг қайтиши муқаррар. Трамвайнинг муқобили, бу — БРТ, аммо бу Тошкент каби йирик шаҳар учун мўлжалланган тизим эмас. Бу Варшавада яхши ишлаши мумкин, аммо бу замонавий шаҳар учун тизим ҳам, панацея ҳам эмас. Трамвай анча яхши, чунки у кенгроқ, тезроқ. Бу анча вақт олдин исботланган.

Муҳрим Аъзамхўжаев

Мен Чилонзорнинг 9-трамвай йўли ёқасидаги «Лутфий» маҳалласида туғилганман, Чилонзорнинг худди шу трамвай йўли ёқасидаги 7-мавзесида вояга етганман. Бу мавзега кўчганимизда 2-синф ўқувчиси эдим — ўқув йили охиригача эски маҳаллам тарафдаги 183-мактабга трамвайда қатнаганман: кўримсиз КТМ-5 трамвайларига чиққим келмай, яшил «Татра"ларни кутардим — айнан улар менга Тошкент трамвайининг рамзидек кўринади ҳали ҳам. Эҳтимол, ҳозир уч ё тўртта бесўнақай «Исузу»да кетаётган йўловчиларнинг бари битта «Татра»га сиғарди.

Оқтепа ҳалқасидаги трамвайлар. Фото: «Ко_дну» Telegram канали. Ҳозир ҳалқа ўрнида — чигал ўтказгич.

«Ипподром» бозорига трамвайда бориш ундан-да завқли эди — «Фарҳод» бозоригача яшил трамвайда етиб олиб, у ерда Бешқайрағочдан келадиган классик қизғиш Рига вагонлари — 17-трамвайга чиқиларди. Ўйинчоқдек бу трамвайни кўриб кўзинг бир завқланса, ўша 1950−1960 йиллардан бери ўзгармаган қўнғироғи (сигнали)ни эшитсанг, яна бир мазза қилардинг. Ҳозир ҳам Тошкентда айрим шинаванда автобус ҳайдовчилари ҳақиқий сигнали ўрнига трамвай қўнғироғини қўйиб юради — сигнал берганида, эшитиб, ичинг бир ғалати бўлиб кетади.

Тошкентнинг 12-сонли автобус паркидаги Ригада ишлаб чиқарилган «РВЗ-6» музей трамвайи. Ушбу экспонат ва яна 14 та «КТМ-19» вагонлари 2016 йилдан буён Самарқандга жўнатилишини кутмоқда. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Чилонзор-20 мавзесида додамларнинг ҳовлиларидан кечроқ, дейлик, соат 23:00 арафасида чиқиб, 6-троллейбусга улгуролмай қолсак, «Ватан» кинотеатригача борадиган бирорта автобус ё сал нарироқдан юрадиган бошқа троллейбусга чиқиб олардик — «Ватан»нинг ёнида 9-трамвай «конечка"си бўлар, шу маҳал ҳам депо эмас, тескари тарафга қараб юрадиган трамвай топиларди.

Мактабни битиргач, уч йил ё «Чилонзор-Оқтепа», ёки «Спорт буюмлари» бекатидан Сарикўл кўчаси тарафдаги лицейимгача асосан 9-трамвайда қатнаганман. «Париж, сени севаман», «Нью-Йорк, сени севаман» каби мелодрамалар таъсирида юрган боламан, бутун бошли «Тошкент, сени севаман»ни олиб бўлмаса ҳам, лекин ҳеч бўлмаса трамвайга боғлиқ бир қисмини «мана бундай қилиб олса бўлади-ку», деб хаёлда сценарий чизиб юрган 16−18 ёш вақтим эди.


Фото: «Ко_дну» Telegram канали.

9-трамвай 77-автобус билан пойга ўйнарди. Автобус кондуктори трамвай бекатига келиб, йўловчиларни оғдиришга ҳаракат қиларди, «9-трамвай билан бир хил юрамиз», деб ва одатда ғолиб чиқарди.

Тошкент трамвайи ривожининг чўққисига гувоҳ бўлмаганман, аниқроғи, тўлақонли эслай олмайман. Адамлар билан Жанубий — ҳа, Шимолий эмас, айнан Жанубий — вокзал олдидан (салкам Сергелидан!) Чўпонотага Руставели кўчаси бўйлаб трамвайда қайтганимиз элас-элас ёдимда. Трамвайнинг доимий йўловчисига айланган вақтим у ривожланишдан кўра, камида турғунлик ҳолатида эди. Аммо шунда ҳам у, эҳтимол, шаҳардаги энг яхши ва энг романтик жамоат транспорти тури эди. Бекорга халқ шоирлари ҳам «Трамвайлар сени ҳар куни Бодомзорга олиб кетади», деб шеърлар ёзмаган (Муҳаммад Юсуф шеъри — таҳр.).

Трамвай салони қишда, баъзан, уйимиз ё мактаб/лицейимиздан кўра иссиқроқ бўларди. Ойналари катта очилар, сал тезроқ юрса, ташқаридан кирган шамол баҳри дилингни очарди. Трамвайнинг ягона камчилиги, эҳтимол, электр таъминоти узилганида юролмаслиги эди, холос.


Афсуски, Тошкентда трамвай босқичма-босқич ва мақсадли ўлдирилди. Барқарор ишлаб турган 8-, 9- ва 13-сонли трамвайларнинг йўналиши ўзгартирилиши бу йўналишларга бўлган эҳтиёж йўқолишига олиб келди. Тарихан шаклланган йўловчилар оқими қулай бир транспортсиз, вагонлар эса йўловчиларсиз қолдирилди.

Тошкентда трамвайни бутунлай йўқ қилиш, шубҳасиз, Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда қабул қилинган энг мантиқсиз қарорлардан биридир. Нега, нима сабабдан бундай қилинганини билмайман, бундай қарорнинг асл сабаблари, адашмасам, ҳали ҳам айтилмади. Ким билсин, ҳозирги қимматбаҳо ерусти метросини қураётганлар ўшанда шундай узоқ муддатли режа тузгандир.

Мен ўша вақтда «Дарё»да ишлардим, фақат, ҳозиргидан фарқли ўлароқ, «замон нозик эди» — бу иш хато, деб айтиш осон эмас (балки, имконсиз ҳам) эди. Трамвайни тугатиш ташаббуси эълон қилинганида биз «Дарё»да, бошқа нашрлар қатори, трамвайни тугатиш эмас, уни ривожлантириш зарурлигини, уни тугатиш, дейлик, бугун зўр бериб, миллионлаб, миллиардлаб доллар сарфлаб, эски, бир вақтлар ёпиб, кўмиб ташланган трамвай тизимларини қайта тиклаётган Франция, Германия, АҚШ каби илғор давлатларнинг XX аср бошидаги хатоларини такрорлаш эканлигини тушунтирувчи «коса тагида нимкоса» қабилида материаллар берганмиз. Бундан фойда йўқлигини, сўзимиз куч эмас, пучлигини билсак-да.

Камида бир асрлик тарихга эгалиги учун ҳам Тошкент трамвайини тугатиш мантиққа зид эди. Тошкентнинг ёшини 2200 йил билан ўлчашади, лекин биз бугун кўриб турган Тошкент сўнгги 100 йилда шаклланган. Трамвай шаҳарнинг мана шу 100 йиллик тарихига гувоҳ эди, у билан бирга ўсган, у билан ривожланган, замонавий шаҳарнинг «шаҳарлик белгилари»дан бири эди.

Трамвай йўқ бўлгач, табиийки, Тошкент ҳам шаҳарлик белгиларининг биридан маҳрум бўлди. Трамвайнинг тугатилишидан Тошкент ва тошкентликлар фақат ютқазди. Ҳозир пойтахтда жамоат транспорти муаммоси ҳар доимгидан ҳам долзарб, муаммо қисман қиммат метро ҳисобига ҳал қилинмоқда. Лекин муаммонинг метро сабаб долзарблашган ўринлари бор — метронинг янги бекатлари очилиши ва автобуслар йўналишининг «оптималлаштирилиши».

Ҳозир метро қурилишига сарфланаётган пулнинг ярми ажратилганида ҳам, трамвай Тошкентнинг ҳозирги муаммоларини ҳал қилишда самаралироқ ёрдам беролган бўларди, деб ўйлайман.

Оҳангарон кўчаси автомобиль йўли бўйлаб барпо этилган метро ҳалқа линияси трамвай линияси ўрнида қурилган. Ушбу линия йўналиши бўйича бир вақтлар трамвай ҳаракатланарди.

Журналист Хайрулла Нуриддинов қайсидир маънода «партия линияси»ни кўрсатиб берувчи «Менимча» муаллифлик дастурида трамвайни қайта тиклаш ҳақида гапиргани, албатта, эътиборга молик ва менга ҳам ёқди. Трамвай линиялари ўзининг эски нуқталарида қайта тикланса зўр бўларди — Тошкент шаҳарлашарди, жамоат транспорти масаласида ҳеч бўлмаса 2016 йилги даражасига қайтарди.

Бошқа томондан, бу харажатлар қимматбаҳо метро қурилиши давом этаётган ва тўхтамаслиги очиқ кўриниб турган ҳозирги ҳолатда қанчалик мақсадга мувофиқ — шуниси ҳам ўйлантиради. Фақат шаҳарлардаги эмас, балки қишлоқлардаги аҳолини ҳам узлуксиз электр билан таъминлаш, газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш каби «азалий муаммолар» бўлмаганида ёки кўлами кичикроқ бўлганида ҳам, эҳтимол, трамвайни қайта тиклаш ташаббусини икки қўлимни кўтариб ёқлаган бўлардим. Қани энди 2016 йилда Тошкентда трамвай тугатилмаган бўлса…

Эрта-индин Тошкентда трамвайни қайта тиклаш бўйича тарихий қарор қабул қилинади. Лекин ишларни пойтахтнинг бош режаси тасдиқланмагунича бошламай турган мақсадга мувофиқ бўларди. Тошкент трамвайининг қатор йўналишлари 1991 йилгача амалда бўлган бош режага асосан ташкил этилган. Кейинги 25 йилда юз берган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, ёпилган йўналишларнинг аксарияти янги талабларга жавоб бера олмай қолган: йўловчилар оқими ўзгариб кетиб, тўқими тушовидан қиммат бўлиб кетган.

Агар 2016 йилда, дейлик, ҳеч бўлмаса 20−30 йилга мўлжалланган бош режамиз бўлганида ва бу режада «Янги Ўзбекистон» паркидек бир мажмуа бўлиши кўрсатилганида эди, эҳтимол, ҳозиргача фойдаланишга топширилган метро бекатларидан бири айнан ўша парк олдида бўларди. Бирор катта байрам арафаси бу парккача алоҳида бепул автобус йўналиши қўйишга ҳожат қолмасди. Шундай хато такрорланмаслиги учун ҳам трамвайни тиклашдан аввал албатта шаҳар бош режаси бўлиши керак.

Антон Папин

Трамвай мен учун бир вақтнинг ўзида ҳам болалигимдан қолган ёқимли хотира ва ҳам жамоат транспортининг порлоқ келажагига умид эди. Эскигина «Татра» ёки РВЗларни кутишдан тортиб, ўриндиқлари иситиладиган янги Vario`гача — ана шундай хотираларга қайтгим келади.

Чанг йўллардан гавжум отчопарга ўтиб борадиган, савдогарлар ва харидорлар ундан ҳар томонга тарқалиб кетадиган 17-трамвай йўналишини яхши эслайман. Ярим тунда ТТЗдан шаҳарга йўл оладиган нажоткор 13-йўналиш ёдимда. Уйлар ва яшилликлар орасидан ўтган тор йўлаклар, баланд панорамали ойналардан ўтиб турган қуроқ чойшабга ўхшаш дарвоза ва деворларни хотирлайман.

13-йўналиш сўнгги кунларини яшаётганда трамвайнинг Қўйлиқдаги транспорт коллапсида табиий коинот кемасига ўхшаб турганини айниқса яхши эслайман. Топ-тоза, фусункор ва қулай паст полли вагонлар шодмон йўловчиларни шаҳарнинг бир четидан унинг қоқ марказига 20 дақиқада элтиб қўйгани — бебаҳо кўринарди ва хотираларда ҳам шу қадар бебаҳо бўлиб қолди.


Фото: «Газета.uz».

Трамвайнинг асосий афзалликлари сафар тезлиги ва қулайлигида эди. Ҳатто эски вагонлар ҳам автомобиллар оқимининг қуюқлиги ва шаҳар тирбандликларига қарам бўлмасдан, ажратиб қўйилган йўлаклар бўйлаб ҳаракатланарди.

Асосий камчилик — раҳбариятнинг трамвайлардан деярли очиқ-ойдин нафратланиши, вагонларнинг таъмирланмаганлиги ва тўғри сақланмаганлиги, маршрутларнинг пухта ўйлаб чиқилмаганлиги ва айниқса бошқа транспорт турлари билан туташтирилмаганида эди. Бунда шаҳарда, айниқса марказдаги кўплаб транспорт алмашиш тугунларининг йўқ қилиниши кам аҳамият касб этмади.


Фото: Юрий Корсунцев / «Газета.uz».

Трамвай линиялари ёпилишининг биринчи оқибатлари узоқ куттирмади — йўллар биринчи навбатда асфальт ётқизиш, кўпинча — энди керак бўлмай қолган рельслар устига — бўйича шошилинч ва сифатсиз ишлар олиб борилгани учун «қасос олишди». Бир неча йиллар давомида шаҳар ҳайдовчилари собиқ йўллар устида мунтазам равишда пайдо бўладиган ўйдим-чуқурларни яширмасдан, завқ билан кузатишди.

Унинг ортидан катта-катта тирбандликлар келди — ахир, битта трамвай ўрнига ўртача олганда худди шунча йўловчини сиғдириш учун 2−3 та автобус ёки 50−60 та такси керак бўлар эди-да. Шунингдек, жамоат транспортининг умумий таназзулга учраши ва йўловчилар учун қулайликнинг ёмонлашувини ҳам ушбу қарорнинг оқибатларидан деб ҳисоблаш мумкин.


Трамвайни ёпиш тўғрисидаги қарорга кўпчилик таниш ҳамшаҳарларим каби мен ҳам кескин салбий муносабатда бўлдим. Бироқ трамвай аста-секин ва азоб билан ўлиб кетди, унинг якуний ўлими эса ҳеч кимни ажаблантирмайдиган янгилик бўлиб қолди.

Ҳозир трамвайнинг ёпилиши шаҳар раҳбариятининг жуда қимматга тушган популистик хатоси бўлгани, аксарият қисми аҳолининг заиф қатламларидан иборат йўловчилар учун қулайлик даражаси ёмонлашишидан қочиш мақсадида йўловчилар оқимини қайта тақсимлаш бўйича тегишли ҳисоб-китоблар амалга оширилмаганига мутлақо ишончим комил.

Трамвайнинг қайтиши — ўз аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай бўлишга интилаётган йирик (ва унчалик бўлмаган) шаҳарларнинг глобал тенденцияси. Бу — замонавий шароитда жамоат транспортини ривожлантиришнинг ягона оқилона ва ўнлаб марта синовдан ўтган йўлидир.

Бундан ташқари, трамвай линияларини қуриш метрога қараганда ўртача 3−4 баробар арзон бўлиб, йўловчиларга нисбатан қулайлик ва ҳаракат тезлигини келтириб чиқаради, шу билан бирга, фойдаланиш харажатлари ҳам анча паст бўлади.